ЕЧЛ финалида қандай ҳисоб қайд этилади? Гвардиола кучлими ёки Тухель?! Бу борада Самвел Бабаян қандай фикрда?

Бугун Европа Чемпионлар лигаси финали. Бутун дунёдаги футбол мухлисларининг нигоҳи Португалиядаги “Драгау” стадионига қаратилади. Бу ерда Англия грандлари – “Манчестер Сити” ҳамда “Челси” Чемпионлар лигаси ғолибини аниқлаш йўлида аёвсиз курашга киришади.

Бундай қайноқ ўйин олдидан жаҳон футболи жамоатчилигининг турли туман фикрлари янграмоқда. Кубок кимга насиб қилади? “Сити”гами ёки “Челси”га?! Яна кўп жиҳатдан бу ўйин Гвардиола ҳамда Тухелнинг ўзаро шахмат тахтачасидаги тактик ўйинга ҳам қиёсланмоқда. Европа клублари учун ЕЧЛ – ютиш мумкин бўлган энг катта соврин. Бундай нуфузли мусобақанинг финалига етиб келишнинг ўзи аслида қаҳрамонлик. Чунки ҳал қилувчи баҳсга қадар клублар қаршисида чиққан ҳар қандай жамоани йўлидан олиб ташлайди ва шунинг эвазигагина финалга етиб келадилар. Кубокни ютиш учун битта ўйин қолган бир пайтда ким ҳам орқага қадам ташларди, ҳеч ким! Чунки шунча машаққатли йўл босиб келган жамоа охирига келганда яна бир қадам ташлаб Кубокни ютишни орзу қилади.

Ўзбекистонда ҳам ЕЧЛ финалини катта қизиқиш билан кутишяпти. Юртимизда “Манчестер Сити”ни ҳам, “Челси”ни ҳам миллионлаб мухлислари бор. Шунингдек, персонал равишда Гвардиола билан Тухелни ёқтирадиган фанатлар ҳам кўп. Бу шундай ўйин бўладики, шубҳасиз футбол тарихи зарварақларига мухрланиб қолади.

Бутун дунё кутаётган мана шу ўйин бўйича ўзбекистонлик таниқли мутахассислардан бирининг фикр ва мулоҳазаларини эшитиш биз учун қизиқ эди. Охири ўйлаб-ўйлаб бу борада Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаянга мурожаат қилдик. Албатта, унга истагимизни билдирганимизда, бошида бироз ўзини ўнғайсиз ҳис қилди, аммо якунда у sports.uz мухбирига ЕЧЛ финали олдидан ўз қарашларини билдиришга рози бўлди.    

бабаян3_2

- Потенциал бўйича “Манчестер Сити” кучлироқ, - дея гап бошлади Бабаян. - Аммо Тухель зўр мураббий эканлигини амалда исботлаб келмоқда. Албатта, яна такрорлайман: потенциал жиҳатидан “Манчестер Сити” “Челси”га нисбатан кучлироқ. Бироқ Тухель миллий чемпионатда кўнгилдагидек иштирок эта олмаган клубни Чемпионлар лигасидек нуфузли мусобақа финалига олиб чиқиш эвазига яхши мураббий, айтиш мумкин бўлса, топ-савиядаги мутахассис эканлигини кўрсатиб берди. Тўғри, “Челси” унинг қўли остида чемпионатда ҳам бир қатор учрашувларни яхши ўтказди. Буни инкор этиб бўлмайди.

Асосийси, Тухелда мураббийлик ғоялари ранг-баранг ва кучли. Шундай экан, финалда ғолиб чиқиш учун “Челси”да ҳам имконият йўқ эмас. Айтишим керакки, бугунги учрашувда мен Тухелга ва унинг қўли остидаги “Челси”га мухлислик қиламан. Чунки ушбу мутахассис топ-мураббий эканлигини кўрсатиб берди.

Реал жиҳатдан олиб қараганда, “Манчестер Сити” кучли ва гуруҳ фаворити саналади. Лекин мен ўз танловимни Тухель ва “Челси”га кўрсатаман. Тўғри, қоғозда “Челси” “Сити”дан кучсиз кўринади. Аммо ўйинда ҳаммасини мураббийнинг ғояларини амалга татбиқ эта олишга қурби етадиган футболчилар ҳал этади, буни унутмаслик керак, - дейди Бабаян.

бабаян2_2

Ҳа, Самвел Вячеславович финал олдидан кимга ишқибозлик қилишини маълум қилди. Биз вазиятга янада чуқурроқ киришга ҳаракат қилдик. Мухлисларни қандай ҳисоб қайд этилиши ҳам жуда қизиқтиради. Айниқса, мутахассисларнинг бу масала бўйича айтадиган тахминий ҳисоблари ҳам эътиборни ўзига тортмасдан қолмайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Самвел Бабаяндан бугунги финалда қандай ҳисобни кутаётгани ҳақида сўрадик.

- Менинг назаримда “Челси” финални 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан тамомлайди. Тўғри, Гвардиола ҳам менга ёқади. Унинг қўл остидаги “Манчестер Сити” деярли бир нафасда Англия премьер-лигасини ютишга муваффақ бўлди. Реал жиҳатдан ҳам “шаҳарликлар” ЕЧЛ финалининг фаворити бўлиб туришибди. Бироқ ўз танловимда қолиб, бугунги беллашувда фақат “Челси”га мухлислик қиламан. Кучсиз рақибни танлайман. Мен “Челси”ни кузатиш эвазига Тухелнинг мураббийлик ғояларини янада теранроқ илғаб олишга ҳаракат қиляпман, - дея сўзини якунлади Бабаян.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abbos Axmedov
30/05/2021 15:02
Қоил тахминини ўзини охлабди бабаяни значит ўз гоялари ва мурабийликдаги дунё қараши йомон эмас. Шу битта айби термада ўзимизни Ўзбекистонлик мурабийла ўзига йоқан ўзини севимли эркатойларини туширади. Бутун журналистлар ва мутахасислар биргаликда тез тез йигилиш утказиб хамма бир тану бир жон бўлиб иқтидорликларни уйнатса халқ орасида хар хил шубха пайдо қилмасдан. Шунда мақсадга муфиқ буларди.
&
Турсун Ғани
29/05/2021 22:18
Бабаян капейка 1 тийин.