ЕЧЛ. "Сан Сиро"даги камбэк, 6 та гол урган "Атлетико" ва қийин аҳволга тушиб қолган "Барселона"

Чемпионлар лигасининг 4-тур баҳслари старт олди. 4 та гуруҳдан ўрин олган жамоалар иштирокидаги ўйинлар ўз ниҳоясига етиб бўлди. Қуйида ушбу турда содир бўлган воқеалар ва гуруҳлардаги вазиятлар билан танишинг. 

"E" гуруҳи

"Лацио" "Фейеноорд" баҳси италияликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади. Меҳмонларда ҳам бир қанча имкониятлар бўлишига қарамай, Проведель дарвозаси ишғол қилинмади ва посбон энг кўп балл тўплаган футболчилардан бирига айланди. Голни эса 45+1 дақиқада Иммобиле урди. 3 очкони қўлга киритган Сарри шогирдлари гуруҳда 2-ўринга чиқиб олди. "Фейеноорд" эса 3-поғонага тушиб кетди. Иккинчи ўйинда "Атлетико" "Селтик"ни аяб ўтиргани йўқ. Шотландиядаги баҳсда жамоалар жанговар дурангга имзо чекканди. Бу сафар "матрасчилар" нақ 6 та гол билан меҳмонларни сийлади. Гризманн ва Мората дубль қилган бўлса, Лино ва Сауль бир мартадан ўз номини таблога ёздириб қўйди. 4-турдан кейин "Атлетико" гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.

photo_2023-11-08_06-06-36

"F" гуруҳи

"Ўлим" гуруҳида вазият анча чигаллашиб кетди. ПСЖни йирик ҳисобда таслим қилган "Ньюкасл" "Боруссия" майдонига сафар уюштириб, 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Фюллькруг 26-дақиқада жамоасининг ажойиб комбинациясини голга айлантирди. 79-дақиқада эса Брант қарши ҳужумдан унумли фойдаланди. Ушбу тўқнашувда "асаларилар" кўп жабҳада устунлик қилди ва ҳақли ғалабани қўлга киритиб, гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. "Ньюкасл" бўлса 4-ўринга тушиб кетди. Турнинг марказий учрашувида эса ҳисобни парижликлар очишга муваффақ бўлди. 9-дақиқада Шкриньяр боши билан Меньян дарвозасига гол урди. Аммо буёғига мезбонлар ўзига келиб олди ва 12-дақиқада Леау чиройли голи билан имкониятларни тенглаштириб қўйди. Шунингдек, португал ўйин давомида ҳам ажойиб ҳаракатлари билан ажралиб турди. 50-дақиқага келиб Жиру қанотдан Тэо узатган тўпни боши билан дарвозага тўғирлаб юборди. Бу ғалаба голи эди. Шу тариқа, "Милан" 3, ПСЖ 2-ўринга жойлашди. 

photo_2023-11-08_06-06-41

"G" гуруҳи

Бу гуруҳда ҳаммаси ҳал бўлди, яъни "Лейпциг" ҳам, "Манчестер Сити" ҳам плей-оффга йўл олди. Фақатгина Европа лигасига ким чиқишини "Црвена Звезда" ва "Янг Бойз" ўзаро ҳал қилиб олиши керак бўлади. "Шаҳарликлар" ушбу турда "Янг Бойз"ни йирик 3:0 ҳисобида таслим қилди. Холанд дубль, Фоден эса битта гол билан чекланди. "Лейпциг" "Црвена Звезда"ни иродали тарзда енгди. Ёзда таркибга келиб қўшилган Симонс ва Опенданинг голлари жамоага муҳим 3 очкони олиб берди. 

photo_2023-11-08_06-06-39_1

"H" гуруҳи

"Барселона" яна ўзини-ўзи қийнамоқда. Сўнгги икки мавсумдан бери клуб нимчорак финалга чиқа олмай, Европа лигасига тушиб кетяпти. Жамоанинг бу сафар имконияти юқори, лекин "Шахтёр"дан учралган мағлубиятдан сўнг кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. "Порту" "Антверпен"ни ишончли тарзда мағлуб қилиб, очколари сонини 9 тага етказиб олди. Шу билан, гуруҳда қўшҳокимлик юз бермоқда. Бу иккала клуб 5-турда тўқнаш келади. Агарда ўша матчда португалияликлар ғалаба қозонадиган бўлса ва нариги тарафда "Шахтёр" ҳам зафар қучса, унда Хави шогирдлари учун гуруҳдан чиқиш имконияти кескин камайиб кетади.

photo_2023-11-08_06-06-44

Маълумот учун, бугун Чемпионлар лигасининг қолган учрашувлари бўлиб ўтади. "Бавария", "Арсенал" "Реал", "Наполи", "Реал Сосьедад" ва "Интер" клублари плей-оффга муддатидан олдин чиқиши мумкин. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!