ЕЧЛ ярим финалларида энг кўп гол урган футболчини биласизми?
ЕЧЛ ярим финал тўқнашувларининг биринчи ўйинлари ўз ниҳоясига етди. Унда "Реал" "Манчестер Сити" билан дурангга имзо чеккан бўлса, "Интер" сафарда "Милан"ни таслим қилди. Биз эса сизни мазкур босқичнинг тўпурарлари билан таништирмоқчимиз.
10-ўрин. Андрей Шевченко
Андрей Шевченко фаолияти давомида "Динамо Киев", "Милан", "Интер" ва "Челси" каби клубларда тўп тепган. У ярим финалда 4 марта гол урган. Украиналик афсона "Бавария"га қарши ўйинда дубль қилган бўлса, "Барса" ва ПСВ дарвозаларини бир мартадан ишғол қилган. Шу билан биргаликда, Шевченко бу босқичда 10 марта ўйнаган.
9-ўрин. Зинедин Зидан
"Реал" билан кетма-кет 3 марта ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритган француз футболчилик фаолиятида ҳам ушбу чемпионатда ўзини кўрсата олган. У ярим финалларда Шевченко билан бир хил статистикага эга. 10 та ўйин 4 та гол. Зидан финал олди ўйинда "Аякс", "Монако", "Барселона" ва "Ювентус" жамоаларини хафа қилган.
8-ўрин. Садио Мане
Айни дам "Бавария"да бироз омади келмаётган Мане ҳам ушбу рўйхатда мавжуд. У ҳам ярим финалда 4 марта рақиб дарвозасига тўп киритган. Аммо сенегаллик ҳужумчи бу ишни 6 та баҳсда амалга оширишга муваффақ бўлди. Мане мазкур босқичда "Рома" ва "Вильярреал" жамоаларига икки мартадан гол урган. Қизиқарлиси, Садионинг голлари "Ливерпуль"ни финалга чиқиши учун хизмат қилган бўлсада, якунда мерсисайдликлар иккита финалда ҳам "Реал"га имкониятни бой бериб қўйган.
7-ўрин. Риёд Маҳрез
Маҳрез ярим финалларда 5 марта майдонга тушган. Аммо унинг ҳисобида 4 та гол мавжуд. вингер 2020/21 мавсумда ПСЖ билан бўлган тўқнашувнинг энг яхши футболчиси бўлганди. У биринчи баҳсда бир марта, жавоб ўйинида эса икки марта Навас турган дарвозани ишғол қилган. Маҳрез жамоасини олдинда "Реал" билан бўлиб ўтадиган иккинчи учрашув кутмоқда. Риёд ушбу статистикани яхшилаб олиши учун имконият бор.
6-ўрин. Яри Литманен
Финляндиялик собиқ футболчи 8 та баҳсда 5 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган. У 5 та голнинг барчасини "Аякс" таркибида киритган. Ҳужумкор яримҳимоячи "Бавария" ва "Панатинаикос" жамоаларига дубль қилиб, "Ювентус"ни бир марта ранжитган.
5-ўрин. Алессандро Дель Пьеро
Дель Пьеро Чемпионлар лигасида фақатгина "Ювентус" таркибида ҳаракатланган. Унинг ҳисобида ҳам 5 та гол мавжуд бўлиб, собиқ ҳужумчи бунинг учун 6 та ўйин сарфлаган. Шу билан биргаликда, Дель Пьеро 1995/96 мавсумда ЧЛда зафар қучган. Финалда "Боруссия"га қарши майдонга тушган туринликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Голларни бирига Алессандро муаллифлик қилганди.
4-ўрин. Лионель Месси
Бошқаларга қараганда кўпроқ ярим финалда ўйнаган бўлишига қарамай Месси бу кўрсаткич бўйича 4-ўринда бўлиб турибди. У 15 та учрашувда иштирок этиб, 6 марта гол урган. Қизиқ томони, аргентиналик бу босқичдаги голларининг барчасини 3 та клубга қарши ўйинда киритган. "Реал", "Бавария" ва "Ливерпуль"га дубль қилишга муваффақ бўлган.
3-ўрин. Роберт Левандовски
"Барселона" билан Европа лигасига тушиб кетган Роберт ярим финалда "Реал"ни 4 марта жазолаган ягона футболчи саналади. Бундан ташқари, Левандовски "Барселона", "Атлетико" ва "Лион" клубларига бир мартадан гол урган ҳолда, жами 9 та ўйинда 7 марта гол урган.
2-ўрин. Карим Бензема
Бу мавсумги Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб келган иккинчи футболчи Бензема Ла Лигадаги рақибидан битта гол олдинда. Француз 16 та учрашувда қатнашиб, 8 марта дарвозани ишғол қилди. Унинг голларидан "Бавария" (3), "Манчестер СИти" (3) "Боруссия" (1) ва "Челси" (1) жабр кўрган.
1-ўрин. Криштиану Роналду
Чемпионлар лигасининг қироли, деб таърифланадиган ҳужумчи ярим финалда энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади. У 21 та ўйинда майдонга тушган ва 13 та гол уришга эришган. Роналду нафақат кўп гол урган, балки энг кўп ярим финалда қатнашган ўйинчи бўлиб турибди. У сўнгги марта бу босқичда "Реал"даги охирги мавсумида, аниқроғи ЧЛ чемпионлигини кетма-кет 3-марта қўлга киритган мавсумида ўйнаганди.
Суҳроб Холбеков
Фикрлар