Эдди Хау нима учун "Ньюкасл"дан истеъфо бергани маълум бўлди
Англиялик мутахассис Эдди Хау «Ньюкасл» бош мураббийи лавозимини тарк этиш ҳақидаги қарорни шахсан ўзи қабул қилган. Унинг фикрича, сўнгги беш йил давомида клуб учун қўлидан келган барча ишни қилди.
«Ньюкасл» раҳбарияти мураббийни жамоа бошида қолишга кўндиришга уринган, аммо Хау ўз қароридан қайтмаган.
Бу ҳақда Sky Sports журналисти Кейт Дауни хабар берди.
Манба маълумотича, мураббийнинг кетиши жамоа натижалари билан боғлиқ эмас. Эдди Хау ўтган мавсум якунлангач, «Ньюкасл»ни тарк этишни режалаштирган, аммо клуб раҳбариятининг илтимоси билан ўша пайтда қарорини ўзгартирган. Энди эса у барибир жамоани тарк этиш ва мураббийлик фаолиятида танаффус қилишга қарор қилган.
Хау кетиш ҳақидаги якуний қарорни тахминан икки ҳафта олдин қабул қилган ва клубга ўзига муносиб ворис топиш учун вақт берган. Томонлар дўстона тарзда хайрлашган, улар ўртасида ҳеч қандай низо ёки тушунмовчилик йўқлиги қайд этилмоқда.
«Ньюкасл»ни тарк этиш Хаунинг ўзи учун ҳам осон бўлмаган. У клубдаги сўнгги кунида ҳис-туйғуларини яшира олмаган. Шу билан бирга, мураббий ўз фаолияти давомида жамоага бор имкониятини берганига ишонч билдирмоқда.

Фикрлар