Эҳтимол, "Андижон"дан кетишга шошгандирман, инсон қизишганида нима деяётганини англамай қоларкан - Александр Хомяков билан қизиқарли суҳбат

Россиялик мураббий Александр Хомяков жорий мавсумни “Андижон”да бошлаб, “Бухоро”да якунлади. Қизиғи, у ишлаган иккала клуб якунда Суперлигада қолиш учун жиддий курашишди.

Тўғри, мавсум давомида мураббийга бошқа клублардан таклифлар бўлиб турди. Бироқ у “Бухоро”да маслаҳатчи мураббий лавозимида ишлашни маъқул кўрди.

Ҳозирги пайтда Россияга қайтган мутахассис sports.uz мухбирининг бир қатор саволларига жавоб қайтаришга рози бўлди.

-  Александр Андреевич, якунига етаётган 2020 йил сиз учун мураббий сифатидаги энг оғир йил бўлдими?

-  Йил қандай тугаётганини ўзингиз кўриб турибсиз. Коронавирус туфайли 2020 йил қандай ўтганини ҳам билмадик. Пандемия ўз навбатида барча давлатларда иқтисодий инқирозни юзага келтирди. Жумладан, футболни ҳам четлаб ўтмади. Аммо ўзим учун 2020 йил ўта мураккаб кечди, дея олмайман. Ўзингиз кўрдингиз, “Андижон”да атига учта ўйинда мураббийлик қилдим холос. Кейин коронавирус туфайли танаффус юзага келди. Пандемия сабабли юз берган танаффусдан фойдаланиб дам олдим. Узлукусиз давом этган 10-12 йиллик фаолиятимни таҳлил қилдим. Энг асосийси, шу вақт давомида куч-қувват тўплаб олдим. Бир қарашда мураббийнинг иши жуда осондек туюлади. Аммо аслида бу унчалик тўғри эмас. Мураббий керак бўлса суткасига 24 соат ўйлайди ва ишлайди. Ички босим остида доим иш ҳақида ўйлайсан, режалар тузасан. Ҳатто озгина мизғиб олган чоғимда ҳам тушларимга футбол киради холос. Мураббий учун ўзини руҳан йўлга солиб олиш иш жараёнида бир текис кетиши учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Яна такрорлайман: танаффус менинг фойдамга ишлади. Шу вақт давомида назарий билимларимни яна бир қатор текшириб олдим. Чунки мураббийнинг иши фақат амалий жараён билан чекланиб қолмайди. Унга назарий билимлар ҳам жуда керак бўлади. Футболчилар майдонда учрашувларни ўтказиб, машғулотлардан кейин дам олишлари мумкин. Аммо бундай ҳолат мураббийларда кузатилмайди. Мураббий ҳатто оилавий шароитида ҳам фақат хаёлида ишни ўйлайди. Бу пайтда у машғулот режаларини тузади. Қўл остидаги шогирдларининг руҳий ва жисмоний ҳолатларини қандай яхшилаш ҳақида бош қотиради. Буларнинг бари кишидан куч талаб қилади. Айниқса, руҳий ҳолатимни анча созлаб олдим.

хомяков3_1

-  “Андижон”дан кетгач, сизга яна бош мураббийликка таклифлар бўлди. Лекин бу амалга ошмади ва кейин “Бухоро”да маслаҳатчи лавозимида ишладингиз. Доимо асосий вазифада бўлган мутахассис учун иккинчи ролга айланиш қандай туюлди?

-  “Андижон”ни тарк этганимдан сўнг, бир қанча клублардан таклифлар олдим. Агар пандемия билан боғлиқ танаффус юзага келмаганида ўзим учун маъқул бўлган таклифлардан бирини қабул қилардим. Афсуски, танаффус чўзилиб кетди. Вақт қўлдан бой берилди. Шунингдек, мавсум қайта давом эттирилган пайтда ҳам хизматимга таклифлар бўлди. Шу вақт мобайнида музокаралар ўтказилди. Гоҳида музокаралар баҳс ва тортишувларга айланиб кетди. Бир сўз билан айтганда, иш қуруқ гапдан нарига ўтмади. Албатта, бош мураббий ва маслаҳатчи мураббий вазифалари ўртасида катта фарқ бор. Буларнинг бари бир-бирига ўхшаса-да, аслида ундай эмас. Ҳа, Жамшид Саидов менинг эски дўстим ҳисобланади. У билан илгари “Машъал” ва “Андижон”да ҳам ҳамкорлик қилганман. Шу сабаб Саидовнинг таклифини қабул қилишни маъқул топдим. У мени ўзига маслаҳатчи мураббий сифатида ишга таклиф қилди. Бунга бажонидил розилик бердим. Шуни алоҳида таъкидлашим жоизки, маслаҳатчи мураббийда худди жамоа устози сингари гарданида катта масъулият бўлмайди. Чунки клубга ва унинг натижаларига тааллуқли бўлган қарорларни бевосита бош мураббий қабул қилади. Айтишим керакки, Жамшид Саидов билан бирга маслаҳатчи мураббий сифатида ишлашим мени унчалик зўриқтиргани йўқ. Тўғри, гоҳида унга у ёки бу ишни мана бундай қилиш  керак эди, деб маслаҳатлар бериб турдим. Бундай пайтда маслаҳатчи мураббий ўйинларни бемалол ҳеч қандай зўриқишсиз ва бошини турли хаёлларга банд қилмаган ҳолда кузата олади.

-  Сизда яна “Андижон”га қайтиш учун имконият бор эди. Аммо таклифни қабул қилмадингиз. Нега?

-  Гапингизда жон бор, “Андижон” тепасига янги раҳбарият келганида менга клубни қайта қабул қилиш юзасидан таклифлар бўлди. Бироқ бу пайтга келиб менда “Бухоро” клубида ўзига яраша масъулият бўлгани учун “Андижон”ни таклиф қилиш ҳақидаги чақирувга рад жавобини бердим. Эҳтимол, масъулият сўзи сал баландпарвоздек кўринар, юқоридаги гапларимга таққосланса. Аммо мухлислар, раҳбарият ва Жамшид Саидов олдида барибир гарданимда ўзига яраша вазифа йўқ эмасди. Шу сабаб клубдан кетиб қолиш тўғри бўлмасди. Бахтиёр Ҳамидуллаевга келсак, Кумиковнинг истеъфосидан сўнг, “Андижон”нинг ўйинида ўзига яраша ижобий жиҳатлар пайдо бўлганди. Энг асосийси, клуб очколар олишни бошлаганди. Назаримда, Ҳамидуллаевга бошлаган ишини давом эттириш имконини бериш тўғри бўларди. Лекин унинг истеъфоси билан боғлиқ ҳолатдан мутлақо бехабарман. Мен шунчаки ўз фикримни баён қиляпман холос. Чунки “Андижон”нинг ичида қандай гап-сўзлар бўлганидан хабарим йўқ. Шунинг учун ташқаридан кузатган одамга буни мулоҳаза юритиш қийин. Фақат боя айтганимдек, Ҳамидуллаев қўл остида “Андижон” бутунлай ўзгача футбол намойиш этишга тушганди.

хомяков2_4

-  “Бухоро” клубининг Суперлигани тарк этганига асосий сабаб нима бўлди деб ўйлайсиз?

-  “Бухоро”нинг элитадан тушиб кетишига келсак, бундай омадсизликнинг асосий сабаби мана бунда эди, дея нимадир кўрсатиш қийин. Бу хусусида узоқ гапириш мумкин. Тўғриси, бу саволингизга аниқ бир сабабни кўрсатган ҳолда жавоб қайтаришим жуда мушкул.

-  Энди кейинги режаларингиз қандай? Масалан, “Бухоро” билан про-лигада ишлашингизга ишонмайман. Янги таклифларни қабул қиласизми?

-  Кейинги режаларимга келсак, ҳозир сизга мана бу ишни қилмоқчиман ёки палон клубда ишламоқчиман, дейишим амримаҳол. Айни пайтда уйимда дам оляпман. Ҳа, янги йилга қадар Россиядан Ўзбекистонга қайтиш режам ҳам йўқ эмас. Келганимдан кейин эса ҳаммаси маълум бўлади. Тўғри, ҳозирда кўплаб клублар чемпионат тугагани боис танаффусга йўл олишган. Аммо шунинг баробарида жамоалар мавсумлар оралиғида қандай иш қилиш режаларини тузиб қўйишади. Кўпчилик бундай пайтда жамоани шакллантиришга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда, ҳозирча ҳаммаси мавҳумлик тўрига ўралашиб турибди. “Бухоро” масаласига келсак, ҳозирда раҳбариятнинг про-лигадаги мавсум учун қандай стратегия танлашидан хабарим йўқ. Агар бирор-бир жамоадан жиддийроқ таклиф олсам, албатта ўйлаб кўраман. Шундан сўнг, учрашишим, музокараларни бошлашим мумкин бўлади.

хомяков5

-  Қизиқ, сизнинг телеграм ижтимоий тармоғингизда “Лидс” клуби бош мураббийи Марсело Бьелсанинг суратини жойлаб қўйганингизни кўрдим. Унинг ишини ёқтирасизми?

-  Марсело Бьелсанинг портрети билан боғлиқ саволингизга келсак, чиндан ҳам унинг мухлиси ҳисобланаман. Унинг филасофияси, иш услуби менга жуда ёқади. Бьелсанинг ишини кўп кузатаман ва унга вақтимни ажратаман.

-  Сизнингча, бу йил Ўзбекистондаги энг яхши уч нафар мураббий ва футболчилар ким бўлди, деб ўйлайсиз?

-  Бевосита ўзбек Суперлигасидаги мураббийларга тўхталсам, менга Рўзиқул Бердиевнинг олиб борган иши жуда ёқди. У “Насаф”ни иккинчи ўринга олиб чиқди. Шунингдек, Бахтиёр Ашурматовни ҳам айтишим даркор. У жамоаси билан яхши иш олиб борди. Ўйинчиларга келсак, биринчи ўринга шак-шубҳасиз Драган Черанни қўярдим. Ундан кейин Марко Станоевични иккинчи ўринга жойлардим. У ҳам тўп сураётган жамоа ўйинини ташкил этувчи футболчи саналади. Бу йил Станоевич ўзидан яхши таассурот қолдирди. Учинчи ўринга Жасур Яхшибоевни қўйган бўлардим. У Беларусь чемпионатида чемпион бўлди, лауреатга айланди. Легионер сифатида ажойиб ўйинлар кўрсатди.

хомяков6

-   “Машъал”да 10 йилдан зиёд вақт давомида ишладингиз. Лекин шундан кейин “Андижон” ва “Бухоро”да ишлаш орқали мураббийликда бироз сарсон бўлиб қолдингиз. Қолаверса, орада “Сурхон” ҳамда “Қизилқум” билан ҳам музокараларга киришгандингиз. Айтинг-чи, аслида “Машъал”дан кетиш учун сиз тўғри қарормиди?

- “Машъал”да 10-12 йил ишлаш бу чиндан ҳам жуда катта муддат. Шубҳасиз “Машъал” мен учун худди иккинчи уйимдек бўлиб қолган. Айнан шу клубда мураббий сифатида шаклландим. “Машъал”даги ишим барқарор давом этди, раҳбарият кетишимни ҳам истамаганди. Бироқ “батарейкамни зарядлаб” олиш учун шундай йўл тутиш керак эди. Ўзимни бошқа клубда синаб кўриш истаги юқори турганди. Ҳолбуки, “Машъал”да ҳамма билан муносабатим аъло даражада йўлга қўйилганди. Боз устига биз бир-биримизни гапирмасдан туриб, шундай кўзимизга қараб тушунадиган даражага етиб қолгандик. Шундай пайт келдики, ўзимни четда синаб кўриш истаги “Машъал”да қолишдан кўра афзал кўринди. Шу боисдан ҳам “Андижон”ни қабул қилдим. Айтишим керакки, клуб билан музокаралар давом этаётган пайтда менда “Бухоро”да ишлаш варианти ҳам йўқ эмасди. Хуллас, охир-оқибат “Андижон”га келишни маъқул топдим.

- Тақдирни қарангки, Суперлигада жон сақлаб қолиш учун “Бухоро” билан “Андижон” курашди ва якунда собиқ клубингиз элитада қолди. Бундан хурсандмисиз?

-  Тўғри, “Андижон”даги фаолиятим узоқ давом этмай, тез фурсатда ниҳоясига етди. Лекин шунинг баробарида бундан хурсанд ҳам бўлдим. Чунки минтақа билан яқиндан танишдим. Бахтга қарши дастлабки учта турдаги ғалабасиз ўйин у ердаги фаолиятимни белгилаб берди. Аммо мен истеъфога чиқарилишимни барибир анчагача хазм қила олмадим. Назаримда, раҳбарият истеъфо масаласида шошма-шошарликка йўл қўйди. Чунки вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун вақт йўқ эмасди. Жамоани шакллантириш, натижаларни яхшилаш имкони бор эди. Бироқ кетма-кет мағлубиятлар туфайли ташқи босим ортиб кетгани учун истеъфони қабул қилишимдан бошқа чора қолмаганди. Умуман айтганда, водийдаги фаолиятимдан нолишим учун асосли сабабни кўрмаяпман. Агар ишни “Андижон”да давом эттириш ҳақида вариант юзага келса нима қилишим мумкин? Боя айтганимдек, клубдаги фаолиятим узоққа чўзилмади. Қолаверса, истеъфога чиқиш чоғимда қизишиб кетганимни энди тушуниб турибман. Энг асосийси, натижанинг йўқлиги муҳитнинг салбий томонга ўзгаришига сабаб бўлди. Эҳтимол, уйдаги учрашувдан сўнг, ҳа истеъофга чиқаман, деб шошган бўлишим мумкин. Чунки инсон ҳиссиётларга берилган пайтда нима деяётганини ҳам англамай қоларкан. Устига-устак инқирозли давр бошлангани бунга туртки берди. Шубҳасиз, натижалар ўхшамаганидан ташқари “Андижон”да молиявий муаммолар ҳам чуқурлашиб бораётганди. Орадан анча вақт ўтди, “Андижон” бир амаллаб бўлса ҳам элитадаги ўрнини сақлаб қолди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Келажакда “Андижон”га муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!