Экитике учун мавсум якунланди: ҳужумчи ЖЧ-2026ни ҳам ўтказиб юборади
"Ливерпуль" ҳужумчиси Юго Экитике жароҳати сабаб мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади ва ЖЧ-2026да ҳам майдонга тушмайди.
"RMC Sport" маълумотига кўра, футболчи Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб ўйинида ПСЖга қарши баҳсда (0:2) жароҳат олган. У майдонни носилкада тарк этган.
Франция терма жамоаси аъзоси чоршанба куни тиббий текширувдан ўтади. Дастлабки тахминларга кўра, унда ахилл пайининг узилиши аниқланиши кутилмоқда.
Ортопед-жарроҳ Николя Бодрие L’Équipe’га берган интервьюсида бу ҳолатни изоҳлаб, кадрларга қараганда бошқа ташхис бўлиши эҳтимоли жуда пастлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, футболчи икки марта ўрнидан туришга уринган, аммо юра олмаган. Бундай жароҳатлар одатда рақиб билан тўқнашув туфайли эмас, балки таянч оёқни кескин алмаштириш ёки сакраш пайтида юзага келади.
Мутахассис, шунингдек, аввалдан мавжуд бўлган сурункали тендинит, микрочатнашлар, кисталар ёки болдир мушакларидаги чўзилиш муаммолари бундай оғир оқибатга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Манбага кўра, агар ахилл пайи тўлиқ узилгани тасдиқланиб, операция қилинса, ҳатто энг яхши ҳолатда ҳам унинг майдонга қайтиши учун тахминан тўққиз ой вақт талаб этилади.
Фикрлар