Шомуродовда кутилмаган жароҳат ва яна бешта факт!
“Истанбул Башакшеҳир” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев Туркия кубогининг навбатдаги учрашуви қаҳрамонларига айланди.
Истанбулликлар Туркия кубоги “А” гуруҳи учинчи турида сафарда “Фотиҳ Карагюмрюк” жамоаси футболчилари билан куч синашиб, рақиб майдонидан 4:1 ҳисобидаги йирик ғалаба билан қайтди.
Мустафо Камол Отатурк номидаги Олимпия стадионида ўтказилган баҳсда истанбулликларга ғалаба келтирган голларга Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Мигел Креспо ва Иван Брнич муаллифлик қилди.
Абдулқодир Мусса Коне 79-дақиқада “Фотиҳ Карагюмрюк”нинг ягона жавоб тўпини киритди.
Учрашувнинг кульминацион нуқтаси 26-дақиқага тўғри келди. 23-дақиқада мезбонлар дарвозасини ишғол қилган “Башакшеҳир”нинг энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этди. Энди ўзбек легионери қўшимча тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейин жароҳат даражаси ва даволаниш муддатига ойдинлик киритилади.
Кубокда иккинчи ғалаба
“Башакшеҳир” Туркия кубоги гуруҳ босқичида иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, очколар сонини 6 тага етказди. Илк мағлубиятини қабул қилган “Фотиҳ Карагюмрюк” эса 2 очко билан қолди.
Сўнгги 6 ўйинда 5 та ғалаба
“Башакшеҳир” футболчилари бош мураббий Нури Шахин бошчилигида Суперлига ва Туркия кубогидаги сўнгги 6 учрашувнинг 5 тасида ғалаба қозонди, битта ўйин дуранг билан якунланди. Жамоанинг мағлубиятсиз серияси еттита ўйинга етди.
Охирги мағлубият
Жамоа охирги мағлубиятини 2025 йил 18 декабрида Туркия кубоги ўйинида “Галатасарой”дан қабул қилган эди. Шундан бери Нури Шахин жамоаси сўнгги 6 учрашувида кўрсатган ўйини билан эътибор қозонмоқда. Бу даврда “Башакшеҳир” кубокдаги икки ўйиннинг ҳаммасида ғалаба қозонди, чемпионатда эса 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди.
Шомуродов мавсумдаги 15-голини урди
“Башакшеҳир”нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов жорий мавсумдаги барча мусобақаларда урган голлари сонини 15 тага етказиб олди. Суперлигада 20 турдан кейин 14 гол урган легионер тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда. “Фотиҳ Карагюмрюк” дарвозасига киритилган тўп Элдорнинг Туркия кубогидаги илк голи сифатида тарихга ёзилди.
Файзуллаев Туркиядаги учинчи голини урди
22 ёшли Аббосбек Файзуллаев Туркия майдонларидаги учинчи голини урди. Бунгача Суперлига баҳсларида “Касимпаша” ва “Газиантеп” жамоалари дарвозаларини ишғол қилган ҳужумкор футболчи энди Туркия кубогидаги голлари ҳисобини очди.
Фикрлар