Элдор Адҳамов: "Бу йил бошқача "Андижон"ни кўрамиз"

“Андижон” жамоамиз янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўряпти. Клубдаги ҳар бир аъзоси зиммасига юклатилган вазифани уддалашмоқда.

Жамоамиз дарвозабони Элдор Адҳамов айни чоғда чемпионатга кўрилаётган тайёргарлик ва “Андижон”нинг имконияти ҳақида ўз фикрларини қуйидагича билдирди.

“Январь ойининг боши ва ўрталарида асосан жисмоний тайёргарликка эътибор берилади. Бизда ҳам ҳозир жисмоний ҳамда техник ҳолатимизни яхшилашга урғу қаратиляпти. Машғулотларимизда кунига икки маҳалдан шунинг устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши кетяпти. Туркиядаги йиғинимизда тактик ва яна бошқа керакли услубларни йўлга қўйиб оламиз.

Жамоамизни яна кучайтирадиган яхши футболчилар келади. Йиғинда бўлиб турган ва янги қўшилган ўйинчиларни ҳам яхши таниймиз. Уларни ҳам жамоамизга ёрдам бера олишларини биламиз ва жамоамизни кучайтира олишади. Шунинг учун бизда яхши жамоа йиғиляпти. Гарчи ҳали тўлиқ таркиб йиғилмаган бўлса ҳам қўшиладиган футболчилар эвазига жамоамиз янада кучаяди.

Мураббий ҳам тўғри танланган. Футболчиларни тўғри йўналишда ўйната олади. Бош мураббий тактик жиҳатдан ҳам кучли. Биз ҳаракат қиляпмиз, Худо насиб қилса бу йил бошқача “Андижон”ни кўрамиз. Жамоамизда ички муҳит ҳам ҳар томонлама яхши. Барча ўз иши билан машғул бўлиб шуғулланяпти. Худо хоҳласа, бу йил яхши ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Футболчиларни ўзларида ҳам мақсад жиддий. Жамоадаги барча йигитлар қўлидан келганича меҳнат қилади. Балки насиб қилса, Кубок ҳам ютишимиз мумкин. Шуни ҳаракатидамиз”, - деди Адҳамов, клуб матбуот хизматига.

“Андижон” матбуот хизмати.    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!