Элдор Сакаев: "Андижон" мен учун янги чақирув

 

“Андижон” клуби янги мавсумга тайёргарликни аллақачон бошлаб юборган. Хабарингиз бўлса, жамоада яна ўзгаришлар кузатилди. Ўтган йили Қувасойнинг “Цементчи” жамоасини суперлигага чиқишига катта ҳиссасини қўшган Элдор Сакаев андижонликлардан тушган таклифни қабул қилди. Шу тариқа Элдор Усмонович “Андижон” клубининг бош мураббийи сифатида иш бошлади. Куни кеча ушбу мутахассис билан суҳбатлашдик.

- Элдор Усмонович, сизни “Андижон” жамоасига келишингиз қандай юз берди? Очиғи, “Цементчи”даги фаолиятингизни яна давом эттиришингизни кутгандик. Шундай экан, андижонликларнинг таклифини қандай қабул қилдингиз?

- Клуб вице-президенти Маъруф Абдусаломов мени “Андижон”га таклиф этди. У футболнинг ашаддий жонкуяри. Биз у билан бир-биримизни кўп йиллардан бери яхши биламиз. У менга таклиф билан чиққанидан кейин ўзи билан ҳаммасини яхшилаб гаплашиб олдик. Мақсад ва истакларимиз бир жойдан чиқди. Биласиз, “Цементчи”даги фаолиятимиз яхши кечди. У ерда барча ишлар юқори савияда ташкил этилганди. Жамоа раҳбари ҳам ажойиб инсон эди. Бир сўз билан айтганда, Қувасойда барқарор жамоа яратилганди. Молиявий ишлар, клубдаги иш самарадорлиги бир меъёрга солинганди. Шунчаки, Маъруф Абдусаломовнинг таклифи мен учун янги чақирув бўлди. Неча йилдан бери жамоанинг натижалари сира ижобий томонга ўзгармаяпти. Биз эса бу ерга ҳаммасини яхшилаш учун келганмиз. Мураббий сифатида бу мен учун таваккал иш. Бу ерда супер мухлислар бор. Андижон халқини хурсанд қилиш учун ишлаймиз. Ҳамма фақат ўз вазифасини бажариши керак. Масалан, раҳбар раҳбарлигини, мухлис мухлислигини, ошпаз ошпазлигини, мураббий эса мураббийлигини қилиши керак. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан гаплашдик. Ҳақиқатан Андижон Республикамиздаги етакчи вилоятлардан бири. У киши Андижонда чинакам футбол бўлишини хоҳлаяпти. Мен эса барчасини яхши тушуниб турибман. Тўғри, мақсадга эришиш қийин бўлади. “Цементчи”да ҳаммаси яхши бўлган. У ердан кетиш мен учун қийин бўлди. Жамоадагилар сизга нимадир ёқмадими деб сўрашди. Йўқ, бундай эмас. Ҳаммаси жуда яхши бўлган. Лекин мен андижонлик ишқибозларнинг ҳам хурсанд бўлишини истадим. Менинг бу истагимни қувасойдагилар яхши тушунишди. Натижада биз бир-биримиз билан дўстона равишда хайрлашдик. Барибир у ерда юрагимнинг бир қисми қолди. “Андижон”да ҳаммма ўз ишини қилса, умид қиламанки, барчаси яхши бўлади.

- Яхши биламизки, “Цементчи”нинг суперлигага йўл олишига катта ҳисса қўшдингиз. Лекин про-лигага келдингиз...

- Буни бир қадам орқага деб ўйламайман. Ушбу қароримни аксинча деб ҳисоблайман. Биламан, суперлига билан про-лига ўртасида катта фарқ бор. Аммо про-лигада ҳам бир қанча жамоалар суперлигага чиқиш учун ўз олдига мақсад қўйишади. Шундай экан, бу ерда ҳам катта интрига бўлади. Керак бўлса, суперлигадан кўра жиддий интрига юз беради. Ҳар бир мураббий жамоа танламаслиги керак. Суперлига бўладими ёки про-лигами, муҳими у ўз ишини профессионал тарзда бажариши керак. Аммо, барибир суперлигада юқори савиядаги футболчилар тўп суришади. Умид қиламанки, “Андижон” билан суперлигада ҳам ишлаймиз. Лекин бу ерда катта ҳажмдаги ишни қилиш керак. Чунки кўп иш қилиш даркор. Бунинг устига Ўзбекистон футбол федерацияси клубларга жиддий талабларни қўйди. Мен буни фақат қўллаб-қувватлайман. Энди аминманки, Ўзбекистонда футбол янги босқичга кўтарилади.

- Сиз “Андижон”да ўз ишингизни бошлаб юбордингиз. Айтинг-чи, қишки тайёргарлик режаларингиз нималардан иборат?

- Кўриб турганингиздек, дастлаб Андижонда шуғулландик. 23 январдан Тошкентга тўпландик. У ерда 14 февралга қадар йиғин ўтказамиз. Шу вақт давомида олтита назорат учрашуви ўтказишни режалаштирганмиз. Ҳозирча учта жамоа билан келишиб қўйдик. Унга кўра 27 январь куни “Металлург”га қарши майдонга тушамиз. 31 январда “Навбаҳор” бизнинг рақибимиз бўлади. 7 февраль куни Қозоғистоннинг “Махтаорол” клуби билан ўйнаймиз. Яна учта рақиб излаяпмиз. 14 февралдан кейин уч кунлик дам берамиз ва сўнгра Андижонда йиғиламиз.

- Демак, Фарғона вилояти ҳокими Кубоги ва ПФЛ Кубогида қатнашиш режада йўқ, шундайми?

- Йўқ, ушбу мусобақаларда қатнашмаймиз.

- Айни пайтда мухлисларни таркиб масаласи ўйлантиряпти. Шундай экан, бу борада ишлар қандай давом этяпти?

- Биз мақсадни бажара оладиган таркибни тузамиз. Бунинг учун ишлар олиб боряпмиз. Лекин албатта таркибда ўзгаришлар бўлади, бу аниқ. Биз андижонлик футболчиларга ҳам эътибор қаратяпмиз. Бироқ бир ўйинчини номини айтмайман, аммо уни 3-4 марта чақирдим, лекин келмади. У андижонлик бўлса, албатта ушбу клубга келиб ўйнаши керак-ку. Вазифани бажаришимиз учун маҳаллий иқтидорли футболчилар ҳам керак. Вазифани уддалай оладиган футболчилар бўлса, бу ҳаммамиз учун ҳам яхши. Футболчилар ҳам ҳар хил бўлади. Кимдир супелигада, яна кимдир про-лигада ёки иккинчи лигада тўп суришади. “Андижон” 5-ўринни қўлга киритган йили қайси маҳаллий ўйинчилар ўйнашганди? Бахтиёр Ҳамидуллаев, Азамат Исаев, Иброҳим Отахонов, Раҳим Қодиров...асосан 4-5 та ўйинчи эди. Биз ҳам андижонлик футболчилар билан ишлашни хоҳлаймиз. Аммо бунинг жавобгарлиги ва масъулияти борлигини ҳам унутмаслик керак. Лекин биз чақираётган андижонлик футболчилар келишмаяпти, яна нима қилишим керак? Агар таркибимизда маҳаллий ўйинчилар кўпроқ бўлса, албатта уларга имконият бераман. Андижонлик мухлислар эса жамоада маҳаллий футболчилар нима учун кам деб сўрашади. Сабабини эса айтдим.

- Ўтган йили ҳам “Андижон” суперлигага чиқиш учун курашди. Таркиб ҳам яхши эди. Аммо вазифани бажара олмади. Сизнингча, клубга нима етишмади?

- Клуб ичида бўлмаганим учун нимадир айтишим қийин. Биринчи даврада ҳам, иккинчи даврада ҳам яхши таркиб бўлган. Аммо бу саволга жавоб бериш учун унинг ичида бўлиш керак. Бу ерда иккита яхши мураббий – Виталий Легай билан Усмон Тошев ишлади. Айниқса, иккинчи даврада тажрибали ўйинчилар келди. Лекин бу саволга жавоб бериш менга қийин.

- Энди барча ишонч ва умид сизга қаратилади. Шунинг учун мухлисларга нима айта оласиз?

- Бизни ишқибозларимизни фақат қўллаб-қувватлашини хоҳлаймиз. Футболда ғалаба ҳам, мағлубият ҳам бор. Ҳамма ўз ишини бажарса ва мухлислар бизни олқишлаб турса ҳаммаси яхши бўлади. Мен андижонлик ишқибозларни ҳурмат қиламан. Шундай жонкуяр мухлислар қаршисида миллий терма жамоанинг Андижонда ўйин ўтказишини истайман. Вилоят ҳокими ҳам Андижонга катта футболни қайтариш ниятида. Бизни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб туришларини хоҳлаймиз.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!