Элдорнинг агенти яна бир ўзбек футболчисини юлдуз қилмоқчи (Тўлиқ интервью)

Таниқли Россиялик журналист ва блогер Нобел Арустамян Элдор Шомуродовнинг агенти – Қаҳҳор Мўминов билан суҳбат уюштирди. Ушбу интервьюда асосан «Женоа»даги ҳамюртимиз ҳақида сўз борди.

-  Айтингчи, агентлигингиз Элдорни қандай қилиб топди?

-  Албатта, Ўзбекистондан топдик. У ўша пайтда миллий терма  жамоадан чақирув олган эди. Шунингдек, «Бунёдкор»нинг асосий ҳужумчиси эканлиги ҳам эътиборимизни тортди. Бунга қадар, биз МДҲ давлатларидаги иқтидорли футболчиларни кузатиб борар эдик. Бизга Тошкент клубида қанот ҳужумида тўп сурувчи бақувват йигит ҳақида маълумот беришди. Уни бизга Ермоленкога ўхшаб кетувчи ўйин манераси бор эканлигини маълум қилишди. Ўзбекистонга учиб кетдик ва унинг ўйинларини томоша қилдик. Оила аъзолари билан учрашдик. Ҳозир биз уни марказий ҳужумчи сифатида биламиз, бироқ бунинг ортида Валерий Карпиннинг меҳнати ётибди. Айнан у биринчи бўлиб, Элдорни марказий ҳужумчи сифатида майдонга туширган. Ваҳоланки, Самвел Бабаян ва Леонид Кучук уни қанот ҳужумчиси сифатида ўйнатарди.

-  Қаҳҳор, сен ўзи Ўзбекистондансан. Бу Элдор билан жиддий шуғулланишингга туртки бўлдими?

-  Менимча, бу Элдор учун ёқимли бонус бўлди. Менга эса, унинг оиласи билан алоқа ўрнатишда бу фактор кўмак берди. Бу шунчаки тасодиф, холос. Бизда бошқа миллат вакиллари жуда кўп. Ўзбекистонлик мижозларимиз сони иккита, холос.

-  Сир бўлмаса, иккинчи мижозинг ким?

-  Бу бизнинг фахримиз Ҳожимат Эркинов. Ҳожимат келажаги порлоқ йигит. У қанот ҳужумида тўп суради. Ҳозирда «Пахтакор» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Айни дамда, Дубайда клуби билан ўқув-йиғин машғулотларини ўтказмоқда. У яқинда Россиянинг «Зенит» ва «Спартак» клублари билан ўртоқлик учрашувларида иштирок этди.

-  Сен Элдор ва унинг оила аъзоларига биринчи учрашувда нима ваъда бергансан?

-  Биз ҳамкорлик борасида келишувга эришганимизда, ҳаракат йўналиши умуман ўзгача эди. Элдор Осиёда жуда таниқли футболчи. У «Ростов»га келганида «no name» эди. Осиёда терма жамоасининг асосий таркиб футболчиси бўлишига қарамай, у Россияда сабр қилишга мажбур бўлди. Осиёнинг бадавлат клублари Элдорга бир неча баробар каттароқ маош беришга тайёр бўлса ҳам, ойига 10 минг АҚШ доллари эвазига «Ростов»да қолишни афзал кўрди. Ваҳоланки, Элдорга Қатар ва БАА клублари йилига бир миллион доллар беришга тайёр эди.

-  Ҳамкорлик олдидан Элдорни Европанинг кучли чемпионатларида тўп суриши ҳақидаги ваъдалар берилганми?

-   Шартнома имзолаш учун эмас, ўз кучимизга ишонганимиз учун ваъда бердик. Элдор ҳам ҳаммасига сабр қилишини айтди. У аввал бошидан Европада тўп суришни ният қилган.

-  Мен Элдор билан суҳбатлашганимдан сўнг, унинг камтарин ва меҳнаткаш эканлигини ҳис этдим. Нима деб ўйлайсан, у эришаётган ютуқлар ортида нима ётибди? Меҳнат ёки Яратган тақдим этган иқтидор?

-  Ўйлашимча, биринчиси муҳимроқ. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин, футболчининг фаолиятида биринчи омил ҳал қилувчи ролни ижро этади. Мен Элдорнинг чиройли хулқи ҳақида кўп мақтовлар эшитаман. Бу Ўзбекистон учун нормал ҳолат. У ердаги болаларни шундай тарбия қилишга одатланишган. Тўғри, катта шаҳарларда бу тарбия у қадар кўринмаслиги мумкин, аммо чеккароқ жойларда бу омил яққол кўзга ташланади. Элдор жуда ҳам тақводор йигит. Боз устига, меҳнаткаш ва камтарин. Бундай характер эгаси ўз-ўзини бемалол янги даражага олиб чиқиши мумкин.

-  Элдорнинг ота-онаси билан алоқа ўрнатиш қийин кечмадими? Фарзандини аввал Россия, кейин Италияга жўнатишда муаммолар пайдо бўлмадими?

-  Улар билан тил топишиб кетиш учун кўп вақт кетмади. Элдорнинг Европага кўчиб ўтишини биз анча аввал биргаликда режалаштирган эди. Элдорни илк бор кўрганимиздаёқ, унинг имкониятлари юқори эканлигини англаганмиз.

-  Элдор Россияга ташриф буюрганида адаптация жараёни оғир кечмадими?

-  Йўқ, энг қизиғи шундаки, у мендан ҳеч нарса сўрамади. У жуда ҳам тортинчоқ. Мени унинг камтарлиги илк кунларданоқ ҳайрон қолдирди.

У янги йилдан аввал уйланиш мақсадида Тошкентга йўл олиши керак эди. Биз Тошкентга Ростовдан рейс йўқлиги учун Москвага учиб келдик. Соат 15:00 да кутиш хонасига ўтдик. Ўзбекистонга самолёт 21:00 да учар экан. Бирданига у тўйда кийиш учун костюм шим олмаганини айтди. 3 соат давомида унга тўйда кийиш учун костюм қидирдик.

-  Унинг тўйида 1000 киши меҳмон бўлгани ростми?

-  Тошкентда 500 киши учун дастурхон ёзилди. Кейин у туғилиб ўсган Жарқўрғонда ҳам 500 киши тўйда иштирок этди. Биласизми, бизда тўйга ҳеч кимни таклиф этишмайди. Дарвозалар эрталабдан очилади ва ҳаммани табассум билан кутиб олишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!