Елена Исинбаеванинг юртимиздаги ташрифи давом этмоқда

Хабар берганимиздек, ўзбек спорти тарихида илк маротаба Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган катта спорт байрами – «Нафосат-2019» аёллар спартакиадаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирга жаҳон спорти афсонаси Елена Исинбаева фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрди.

Бугун Миллий Олимпия қўмитасида Елена Исинбаева иштирокида матбуот-анжумани ўтказилганидан сўнг МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов россиялик спортчини қабул қилди. Ўзаро суҳбат чоғида меҳмон келажакда ҳамкорликда ишлашга тайёр экани ва юртимизда енгил атлетиканинг ривожлантириш борасида ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.

- Тўғриси, кутганимдан ҳам яхши таассуротдаман. Мамлакат президентининг шахсан ўзи оммавий спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани бу келажак учун катта ютуқ. Ривожланиш шу зайилда бўлса, аминманки, ўзбекистонлик спортчилар яқин йиллар ичида жаҳонда ғолибликка асосий даъвогарлар қаторида бўлади, – деди Елена Исинбаева.

Шунингдек, МОҚ бош котиби Жасур Матчанов суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида меҳмонга гапириб берди.

- Сиз каби спорт юлдузларининг юртимизга ташрифи спортни тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга. Бу спортга энди кириб келаётган ёш атлетларимизда мотивация уйғотади. Биз асосий эътиборни оммавий спортни ривожлантиришга қаратмоқдамиз. Негаки, оммавий спортни ривожлантирмасдан профессионал майдонда улкан муваффақиятга эришиб бўлмайди, – деди Жасур Матчанов.

Суҳбат якунига етгач, фахрий меҳмон МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига ҳам ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

ZHM-EI-15

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!