Элгужа Григалашвили: "Очиғи, бу ерда футболни шунчалик ёқтиришади, деб сира ўйламагандим"
“Навбаҳор” клубига қўшилган янги ўйинчилар орасида грузиялик Элгужа Григалашвилини сиз ўқувчиларга ортиқча таништиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундоқ ҳам уни яхши биласизлар.
Грузия ҳамда Кипр чемпионатларида ўйнаган футболчи 2018 йилдан буён юртимизда тўп суриб келмоқда. Бунга қадар у “Қизилқум” ва АГМК клубларида фаолият олиб борди. Бу йил эса “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилади. Бош мураббий Самвел Бабаян грузиялик легионерни таркибга бежизга таклиф қилмаган. Голга чанқоқ футболчининг ҳаракатлари мураббийнинг услубига ҳам мос тушади ва жамоага шунга ўхшаш ўйинчи ҳам керак эди.
Грузиялик легионер янги клуби таркибида голлар уришни бошлаб юборган. Кеча Наманганда “Навбаҳор” Қирғизистоннинг “Алай” клуби билан куч синашиб 4:1 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳақида хабар бергандик. Ушбу учрашувда Григалашвили ўз ҳисобига 2 та гол ёзиб қўйди. Учрашувдан сўнг, футболчининг фикрлари билан қизиқиб кўрдик.
- Элгужа, “Алай”га қарши ўйин қандай кечди? Сизнингча, рақиб кучсизмиди?
- Ўйинни ғалаба билан тамомладик, бу жуда зўр. Рақиб шунчаки кучсиз жамоа эмасди. Афтидан, бугун биз кучлироқ ўйнадик.
- Сизнингча, бу учрашув “Навбаҳор” учун қанчалик фойда беради?
- Бу ўйинни ўтказиш жуда фойдали бўлди. Чунки “Навбаҳор” тайёргарлик кўришга киришган. Тайёргарлик жараёнида эса режага кўра ўйинлар биз учун жуда муҳим. Асосийси, бирор-бир футболчимиз жароҳат олмасин.
- “Навбаҳор”нинг ўртоқлик ўйинига 7 мингга яқин мухлис стадионга келди. Чемпионат бошланганида қандай бўлишини тасаввур қиляпсизми?
- Ҳа, бунинг учун ишқибозларга каттакон раҳмат. Ахир футбол мухлислар учун ўйналадиган ўйиндир. Бизнинг омадимиз чопган. Чунки шунча мухлисларимиз бор.
- Умуман айтганда, стадиондаги муҳитга қандай баҳо берасиз? Бундай аншлагни кутганмидингиз ёки...
- Биз бунга қадар 27 январь куни ҳам ўйин ўтказган бўлиб, ўшанда ҳам шундай муҳитда тўп сургандик. Жуда ёқимли. Очиғини айтсам, бу ерда футболни шунчалик ёқтиришади, деб сира ўйламагандим.
- Наманганлик мухлисларга қандай таъриф берган бўлардингиз?
- Биласизми, кўплаб мухислар кўз ўнгида тўп суриш ўз-ўзидан кайфиятни кўтариб юборади. Бундай ҳолат футбол ва ўйинчилар учун жуда ёқимли.
- Энди йиғин Туркияда ўтади. У ерда асосий эътибор нимага қаратилади?
- Билмайман, бу масалани фақат мураббий ҳал қилади.
- Ўртоқлик ўйинида дублга эришдингиз ва олқишларга сазовор бўлдингиз. Сиздан кўп нарса кутаётган ишқибозларга нимани ваъда берасиз? Мисол учун чемпионатда нечта гол уришни режалаштиряпсиз?
- Бу борада олдиндан бирор ваъда бера олмайман. Чунки ваъда бажарилмай қолса, мухлислар кўз ўнгида юзим шувут бўлиб қолади. Футболчи қанча гол киритиши мумкинлигини фақат Яратган билади холос. Шуни айтишим мумкинки, иложи борича кўп голлар киритишга ҳаракат қилмоқчиман.
- Мақсадингиз қандай?
- Бу саволингизга жавоб бермасам ҳам клуб олдига қандай вазифа қўйилиши мумкинлигини ўзингиз яхши биласиз. Кўрамиз, ҳаммаси қандай кечишини вақт кўрсатади.
Фикрлар