Энди Грузияда ҳам ўзбекистонлик футболчи тўп суряпти. Мухлисларнинг ёқимтойига айланиб улгурган легионеримиз кимлигини биласизми?
Яқинда яна бир ўзбекистонлик футболчи легионер мақомини олди. Одатда, футболчиларимизни четга кетаётганини эшитсак ,тахминан қаерга йўл олишини биламиз. Лекин бу футболчимиз ўзи учун янги йўл очди, десак муболаға бўлмайди. Иқтидорли ўйинчи Мурод Тўйчибоев Грузия чемпионатида Кутаисининг “Торпедо” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти.
У фаолияти давомида “Металлург”, “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Норин” каби клубларда тўп сурди. Охирги икки йилни Бангладеш чемпионатида ўтказди. Тўйчибоев sports.uz мухбирига Грузияга қандай бориб қолгани ҳақида гапириб берди.
“Биринчи учрашувдаёқ энг яхши футболчи деган эътирофга эришдим”
- Қишда уйда бир ўзим шуғулланиб юргандим. Ўша пайт россиялик агент билан танишиб қолдим. Аниқроғи, менга алоқага чиқишди. Грузияда аниқ вариант бор, у ерга бориб ўйнашни хоҳлайсанми, деб мендан сўрашди. Уларга тўғридан-тўғри шартнома таклиф қилишсагина бораман, деган жавобни айтдим. Шу тариқа, клуб билан гаплашилди. Барибир, ҳамма футболчи ҳам янги клубга ўтаётганида шарт-шароитлари, ойлик маошларини сўраб суриштиради. Менга ҳаммаси маъқул келди.
Грузияда мени яхши кутиб олишди. Бирданига жамоага мослашиб кетдим. Шароитлар ҳам яхши экан. Клуб менга алоҳида квартира берди, ҳозир ўша ерга кўчиб ўтганман. Дебют ўйинимни ҳам ўтказиб олдик. Биринчи учрашувдаёқ менга ўйиннинг энг яхши ўйинчиси, дея совға беришди. Буни кутмагандим. 5 март куни Тбилисининг “Динамо” жамоаси билан ўйнаймиз. Ҳозир бўлажак баҳсга тайёрланяпмиз. Бу ерда ўзимни ҳар томонлама қулай ҳис қиляпман.
“Янги жамоамда қийинчилик сезмаяпман”
- Қишда менда Беларусдан вариант бор эди. Ўша россиялик агент билан биринчи бўлиб беларусликларнинг таклифини кўриб чиққанимизда, улар мени аввало кўрик учун чақиришгани маълум бўлди. Мен эса рости, бундай кўрикка боргим келмади. Аниқроғи, таваккал қилишни хоҳламадим. Грузияликларнинг варианти эса аниқ ва жиддий эди. Яъни, менга 100 фоизли шартнома таклиф қилдилар. Ҳаммасини ўйлаб кўрдим. Грузиянинг чемпионати ҳам чакки эмас. Барибир Европа мамлакати. Бундай чемпионатга қизиқдим ва фаолиятимни ўша ерда давом эттиргим келди. Янги жамоамга жуда осон мослашдим, қийинчилик сезмадим. Бу ерда кўпчилиги рус тилини яхши билади. Шу боис, улар билан тил топишишим ҳам осон кечди. Мени яхши кутиб олишгани учун асло бегонасирашмади. Машғулотлар ва ўйинлар пайтида ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Очиғи, жамоада ҳурматим борлигидан хурсандман. Шаҳар ҳам менга ёқди.
“Пешонага нима ёзилган бўлса, шуни кўрамиз”
- Тўғри, Ўзбекистон чемпионатида тўп сурдим. Про-лигани ҳам, Суперлигани ҳам кўрдим. Гарчи барқарорликни доимий равишда сақлай олмаган бўлсам-да, элитада тажриба оширганман. Катта футболга кириб келишимни “Металлург”да бошлаганман. Рустам ака Мирсодиқов қўли остида тўп сурганман. У инсонга менга ёрдам бергани учун раҳмат айтиб қоламан. Кейин Бангладешга кетдим. У ерда икки мавсум ўйнадим. Фаолиятим ёмон чиқмади. Пешонага нима ёзилган бўлса, шуни кўрамиз. Эркак киши ризқи қаерда бўлса, ўша ерга боради. Футболнинг ҳаёти ҳам шунақа. Грузия чемпионатига кетишимни кутмагандим. Бу мен учун фаолиятимда олдинга ташланган қадам бўлди. Бундан ҳам кучлироқ чемпионат ва жамоаларда тўп суриш учун ҳаракат қиламан. Бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ.
“Грузияда тўланадиган пуллар чакки эмас”
- Ойлик маошларини солиштирадиган бўлсам, ўзимизда “Пахтакор”, “Локомотив” сингари клублар футболчиларига катта пул тўлайди. Менинг жамоам тўлаётган иш ҳақи эса биздаги ўртамиёна клубларникидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Грузияда ойлик маошлар қанақалигини айтишни хоҳламасдим. Яхшиси, бу сир бўлақолсин. Бу ерда ўйинчиларга тўланадиган ойлик маошлари ҳар ҳолда яхши, ёмон эмас. Тўғри, Грузияда кўтарма пули йўқ. Фақат ойлик маош ва мукофот пули берилади.
“Чап қанот ҳимоясида ўйнаяпман”
- Ҳужумда ўйнамаганман. Ўзбекистон чемпионатида ҳам чап қанот ҳимоясида тўп сурганман. Аслида ўзим мудофаа чизиғида ҳаракат қиламан. Грузияда ҳам чап қанот ҳимоясида ўйнаяпман. Грузия билан Ўзбекистон футболи ўртасида фарқ катта. Шароитлар, стадионлар, ички муҳит – ҳаммаси аъло даражада. Грузияда Ўзбекистонни жуда яхши билишади. Чунки маҳаллий аҳолига ўзбекистонликман, десам дарҳол билишяпти.
“Бу ерда фақат футбол ўйнайсиз, қолган нарсаларни ўзлари муҳайё қилишади”
- “Торпедо”нинг олдига қўйилган мақсади кучли учликка кириш. Клубда яратилган шароитлар қониқарли. Машғулот ва асосий майдон ҳам яхши даражада. Мухлисларнинг футболга қизиқиши юқори. Легионерларга алоҳида ҳурмат билан қарашар экан. Кўз тегмасин, ишқибозларнинг ёқимтой футболчисига айланиб улгурдим. Улар мени “Туйчибаев”, деб эркалаб чақиришади. Грузияда чемпионат энди бошланди ва илк турни ўтказдик. Бу ерда машҳур жамоалардан “Динамо” Батуми ва “Динамо” Тбилиси бор. Эшитишимча, улар ҳар доим дастлабки икки ўринларни эгаллаб келишади. Қолган жамоалар ҳам чакки эмас. Грузияда футболга бўлган муносабат ажойиб экан. Ўз ишига жиддий ёндашишади. Кўриниб турибдики, бу ерда профессионаллик кучли. Ҳеч нарсадан муаммо йўқ. Бу ерга келиб фақат футбол ўйнайсиз, тамом. Қолган нарсаларни ўзлари муҳайё қилишади.
Фикрлар