Энди ҳакамлар академияси ташкил этилади
Ҳакамлик масаласи ҳам биз учун алоҳида мавзуга айланиб қолган, шундай эмасми? Якунига етган мавсумда ҳам реферилар билан боғлиқ бир қатор баҳсли вазиятларга ҳам гувоҳ бўлдик. Айримлари эса фаолиятидан четлатилди ҳам.
Ушбу соҳанинг илғор мутахассиси бўлган Равшан Эрматов эса имкони қадар ҳакамлик савиясини ошириш учун амалий ишларни йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келяпти. Шу мақсадда Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳакамлар ва назоратчилар қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. ЎФА матбуот хизматининг хабар беришича, унда биринчи вице-президент Равшан Эрматов иштирок этди. Кун тартибидан якунига етган мавсум таҳлили, келаётган йилга режалар, соҳа ривожига қаратилган янги дастурлар муҳокамаси жой олди.
“Биз ҳар бир вилоятда селекция ишларини кучайтиришимиз зарур. Тажрибали ҳакамлар ва назоратчилардан иборат мутахассислар доимий равишда ёш ҳакамлар фаолиятини мониторинг қилиши ва таҳлил этиши керак. Ушбу селекция ишлари натижасида ҳар бир ҳудуддан 20-25 га яқин ҳакамлар тайёрлаш дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур ҳакамлик даражасини тизимли равишда кўтариб бориш имконини беради”, - деди Равшан Эрматов.
Шунингдек, ОФА ва бир қанча нуфузли ассоциациялар тажрибасидан келиб чиқиб, юртимизда ҳакамлар академиясини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бу ўз навбатида маҳоратли мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Футбол академияларини битираётган, бироқ футболчи бўлолмаган ёшларимизни профессионал ҳакам, назоратчи соҳасига йўналтириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди. Кейинги йилга фитнес норматив ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши муҳокама этилди.
Йиғилишда ҳакамликни юқори даражага олиб чиқиш борасида махсус семинарлар ва курсларни давомли ўтказиб бориш, ҳар битта ҳудудда аёллар ҳакамлигини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди, - дейилади матбуот хизматининг хабарида.
Фикрлар