Энди Про лигани 5-ўринда якунлаган клубда ҳам Суперлигага чиқиш имкони бўлади. Қандай қилиб?
2021 ҳамда 2022 йилги мавсум Про лигада 10 та клуб кураш олиб борди. 2023 йилга келиб лицензиялаш талаблари асосида қатнашчилар сони 11 тага етказилди. Футбол клублари ўзининг аниқ режаси асосида ишлашда давом этса, 2024 йилга келиб Про лига талабини бажара оладиган клублар сони яна ҳам ошиши мумкин.
“Суперлига ва Про лига регламенти”нинг 7-бобида Про лига формати ҳақида тушунтириш берилган. Унга кўра, 11 та жамоанинг ҳар бири 10 та уй ва 10 та сафар ўйинида — жами 22 та турда иштирок этади. Шунга кўра, дастлабки икки ўринни қўлга киритган клублар Суперлига йўлланмасига эга чиқади. 11-ўринни банд қилган клуб Про лига билан хайрлашади. Про лига ва Биринчи лига ўртасидаги ҳолат эндиликда тўлиқ лицензиялаш натижалари асосида тартибга солинишидан келиб чиқиб, ҳар икки лига ўртасида ўтиш ўйини ўтказилмайди.
Лига Суперлиганинг сўнгги йўлланмаси учун ўтиш ўйини ташкил қилиб келмоқда. Бунда Про лигада иштирок этган жамоа ҳамда Суперлига вакили ўртасидаги тафовут нисбатан камроқ бўлиши инобатга олиниб, ўтиш ўйинига бир неча йилдан буён Про лига жамоасининг стадиони мезбонлик қилади. 2023 йилги мавсум якунида ҳам бу анъана давом этади.
Эндиликда ўтиш ўйинида иштирок этиш учун Про лиганинг учинчи жамоаси бўлишнинг ўзигина кифоя эмас. Лига мусобақада 5-ўрин учун ҳам жиддий кураш кечишини таъминлаш мақсадида Про лиганинг бешинчи жамоасига ҳам имконият тақдим этишга қарор қилди. Унга кўра, Про лига мавсуми якунида 3-4-5-ўринларни қўлга киритган уч клуб пойтахт Тошкентда марказлашган плей-офф ўйинларида иштирок этади. Унинг биринчисида 4 ҳамда 5-ўринни эгаллаган жамоалар ўзаро майдонга тушади. Мазкур беллашув ғолиби уч кундан кейин Про лиганинг учинчиси жамоасига қарши саф тортади. Плей-оффнинг ҳар икки ўйинида ҳам ғолибни асосий вақтда аниқлашнинг имконияти бўлмаса, навбат қўшимча дақиқаларсиз пенальтилар сериясига берилади. Плей-офф ғолиби якунда Суперлиганинг 12-жамоасини ўз уйида кечадиган ўтиш ўйинида қабул қилади.
Фикрлар