Энди терма жамоаларнинг ўйинларида чипталар муаммоси бўлмайдими?

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан турли ёшдаги терма жамоаларимиз йирик мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришларини таъминлаш учун юртимизда бир қатор кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этаётганидан хабарингиз бор. 

Кўп ҳолларда мана шу ўйинлар учун чиқариладиган чипталар олиб-сотарлар томонидан катта миқдорда сотиб олиниб, кейин ўз нархидан анча қиммат нархга сотилаётгани аксарият мухлисларнинг эътирозига сабаб бўлаётганди. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ЎФА томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ЎФА мамлакатимизда бу соҳада фаолият юритаётган ва катта тажрибага эга бўлган iTicket.UZ компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
 
iTicket.UZ - ҳар кандай миқёсдаги тадбирлар учун чипталарни онлайн ва оффлайн тарзда сотиш инновацион тизими бўлиб, бу компания сайти орқали турли тадбирларга, шу жумладан, спорт тадбирларига чипта харид қилиш имконияти мавжуд. Чипталар харидини туну-кун онлайн тарзда ёки компания операторлари орқали амалга ошириш мумкин. Мухлислар веб-сайт орқали чипталарни ўз уйларини тарк этмаган ҳолда ўзлари учун қулай вақтда харид қилиш имкониятига эга бўлишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!