
Энг узоқ масофадан гол киритган футболчи ким эканлигини биласизми? У «Гиннес рекордлари» китобидан ўрин эгаллаган!
2013 йилнинг ноябрь ойида «Сток Сити» дарвозабони Асмир Бегович АПЛ тарихига ўз номини ёздириб қўйди. Босниялик кипер «Саутгемптон» билан баҳснинг 13-сониясида нақд 91,9 метр узоқликдан дарвозани ишғол қилди. Орадан 8 йил ўтган бўлса-да, дунёнинг энг шиддатли биринчилигидаги бу рекорд янгилангани йўқ. Ваҳоланки, 2-лигада бу ишни такрорлаган дарвозабонлар бўлди, аммо АПЛда Бегович яққол пешқадам!
«Саутгемптон» аъзолари тўпни ўйинига кириб бергач, майдон марказида тўпни олдириб қўяди. Оқибатда, «Сток» ҳимоячиси Питерс бир аммалаб, снарядни дарвозабонга узатади. Бегович эса, ўйлаб ўтирмай уни олдинга тепиб юборади. «Авлиёлар» кипери Артур Боруц эса, бу пайтда анча олдинга чиқиб олган эди. Натижада, тўп ерга тегиб, сапчиди ва тўғри дарвоза тўридан ўрин эгаллади.
Баҳс 1:1 натижаси билан якунланди. Бегович эса, ўз голини шунчаки омадга йўйди. Дарҳақиқат, камтарин Асмир ортиқча сўзлар билан вазиятни изоҳлаб ўтиргани йўқ. Шунчаки, омад тамом!
«Бу жуда ҳам ёқимли. Биламан, бу омадли тасодиф. Рақиб дарвозабони тушиб қолган ҳолат учун афсусдаман, лекин жамоага очко ишлаб берганим учун мамнунман. Умид қиламанки, ўз кучимизга бўлган ишончни сақлаб қоламиз. Тўғриси, голни атайин нишонламадим. Бу Артур Боруцга нисбатан ҳурматсизлик бўлар эди. Бугун шамол сабабли барча футболчилар ўзларидан кутилган футболни намойиш этишни уддалай олмадилар».
Бегович дарвозани ишғол қилган АПЛ тарихидаги 5-киперга айланди. Унга қадар бу ишни
— Петер Шмейхель - «Астон Вилла» октябрь, 2001 йил;
— Брэд Фридел - «Блэкберн Роверс» февраль, 2004 йил;
— Пол Робинсон - «Тоттенхэм» май, 2007 йил;
— Тим Ховард - «Эвертон» январь, 2012 йил.
фақат улар уддалаган, холос. Орадан 8 йил ўтганига қарамай, ҳали ҳеч бир посбон рўйхатдан ўрин эгаллагани йўқ. 2014 йилга келиб, Беговичнинг голини «Гиннеснинг рекордлари» китобига киритиш борасида иш бошланди. Унга кўра, дарвозабон ушбу спорт тарихида энг узоқ масофадан гол урган футболчига айланди.
«Эришган ютуқларим билан фахрланаман. Бунақасини кутмаган эдим. Бу ютуқни қадрлайман. Унга ҳамма ҳам эриша олмайди. Менга тақдир шундай инъом берган экан, бунинг учун қувонч ҳиссини туйишим керак. Бу соврин уйимдаги энг муҳим жойда туришга лойиқ».
2021 йилнинг январь ойига келиб, Англиянинг 2-лигаси вакили - «Ньюпорт Каунти» клуби кўпчиликнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, клуб дарвозабони 96,1 метр узоқликдан гол киритишни уддалади. «Челтенхэм» клуби баҳсда ғалаба қозонганига қарамай, «Жонни Рокс» аъзоси машҳур бўлиб кетди. Кўп ўтмай, «Гиннеснинг рекордлар» китоби ҳодисани эътироф этди.
Шунга қарамай, Беговичнинг амалга оширган «мўъжиза»си АПЛдаги қадрини йўқотгани йўқ. Ҳозирда Асмир «Борнмут» клуби аъзоси саналади. Жорий мавсумда Чемпионшипда айнан энг яхши дарвозабонлардан бири бўлиб турибди. Ҳозирча, унинг ҳисобида 15 қуруқ учрашув бор. Ҳозир, жамоа элитага қайтиш учун кураш олиб боряпти. Катта эҳтимол билан 33 ёшли кипер яна АПЛга қайтади. Балки, рекордини яхшилай олмас, лекин у ҳозир ҳам лиганинг энг зўр снайперлари қаторида мавжуд.
Фикрлар