Эпизодларда ҳал қиладиган "қизил ёпинчиқли қаҳрамон" топилмади! Сурияга қарши ўйин ҳақида

Осиё кубоги 1-туридан ўрин олган Сурияга қарши учрашудва термамиз 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Эронга қарши ўйиндаги ишончли натижа (2:2) йигитларимизга бўлган ишончни ошириб юборганди. Турнир олдидан финал, ярим финал, энг камида чорак финалгача боришимиз тахмин қилинди. Биринчи учрашувда эса... Келинг, нима бўлгани ҳақида гаплашамиз.

Сурияга қарши Сурия бўлиб ўйнадик 

Сречко Катанец бошчилигидаги термамиз битта услубда ўйнашга қаттиқ ўрганиб қолган кўринади. 5 ҳимоячи, 2 таянч ва 3 нафар ҳужумкор футболчи. Исталган рақибга қарши учрашувда мана шу услубни қўллаб хато қиляпмиз, чамамда. Сабаби, Суриянинг ҳимояланишини билардик. Чуқур ҳимояланган жамоага қарши бироз тажовузкорроқ ва активроқ футбол ўйнаганимизда, гол уришни уддасидан чиқардик, балки. Бироқ эҳтиёткорликни Аббосбек Файзуллаев майдонга тушмагунга қадар давом эттирдик. Майдондаги фаолликни эртароқ бошласак ҳам бўларди. Ҳар ҳолда, рақиб ҳужумдаги потенциали ўта юқори бўлмаган Сурия эди. Япония ёки Жанубий Корея эмас.  

photo_2024-01-13_22-43-42

Таркиб танлашда хатолар 

Ҳамманинг эътирози - Аббосбек Файзуллаевнинг захирада қолгани. Бироқ Аббосга боғлиқ бўлмаган муаммо ҳам бор эди. Бу - Остон Ўруновнинг ҳужум марказида кўриниш бергани. Ўзи шундоқ ҳам катта турнир олдидан Шомуродов каби лидерини йўқотган термамиз қанотдаги "тулпори"ни ҳам нотўғри танлов эвазига мана шу баҳсда йўқотиб қўйди. Ҳужумларнинг аксари кўп ҳолларда қанотдан тўпни жарима майдонига ҳаволатиб етказиб бериш элементи билан якунланяпти. Алижоновда креатив бор ва баъзан у ўз қанотидан рақиб жарима майдони томон ажойиб рейдлар уюштириб қолади. Бироқ Сайфиев айни дам эплаётган ягона иш - қанотдан тўпни жарима майдонига ҳаволатиб етказиб бериш. Шундай ҳолатда марказий ҳужумчи керакми? Керак! 

photo_2024-01-13_22-43-39

Овутадиган жиҳат

Биласиз, 2019 йилдаги Осиё кубогини термамиз Уммонга қарши учрашув билан бошлаганди. Сурияга қарши беллашувдан сўнг эсимга ўша ўйин тушди. Анча қийналгандик, ўйин ўхшамаганди. Шундай бўлса-да, таркибдаги етакчиларнинг (Одил Аҳмедов ва Шомуродов) сай-ҳаракатлари эвазига бир амаллаб илк турда 3 очко қўлга киритишни уддалаганмиз. Бугун ҳам ўйин томонлама ўша картина, фақат эпизодларда ҳал қиладиган "қизил ёпинчиқли қаҳрамон" топилмади. Албатта, Ҳиндистонга қарши учрашувда жамоамиздан ғалабадан бошқа ҳеч нарса кутмаймиз. Ўша баҳсдан кейин вакилларимизнинг ўйини очилиб кетса, ҳеч гап эмас. 

photo_2024-01-13_22-43-40

Мундиални ютган Аргентина ҳам илк турда Саудия Арабистонига ютқазган, ҳали ҳаммаси олдинда дейишимиз мумкин. Бироқ "бизнинг Мессимиз" бу турнирда афсуслар бўлсинки, ёрдам бера олмайди! Нима бўлса ҳам термамизга келгуси ўйинларда омад тилаймиз ва улардан имкон қадар яхшироқ натижа кутамиз. 


                                                                                                                                       Худайқулов Карим мақоласи 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
+998934037982
14/01/2024 01:42
Sport telekanaliga aytib quysanglar .
Barcha uzbekiston uyumlarini Uzbekcha - ruscha tilda qilmay ,faqat uzbekchada quyishsa.
Bizni televizor ruschadan uzbekchaga utkazadigan kinopkasi yuq.
Qachon mustaqil bulamiz.qaysi kanalni qarama ruscha.
Qachon otahoninglar tilidan voz kechasila
Шоим Зарипов
14/01/2024 07:47
Тил борасидаги фикрга каршиман чунки биз миллатчи халк эмасмиз Узбекистонда куп миллатли халклар яшайди биз уларни хурмат килишимиз керак уйинга келсак таркиб нотугри танланган 1чи уйинда галаба учун таркиб танлаш керак эди Машарипов Сайфиев Урунов булар захира уйинчилари 2 хужумчи билан бошлаш керак эди Хиндистон билан бундан хам кийин булади.
&
Ulja Toliyev
14/01/2024 09:12
Хато мураббийда таркиб нотўғри танланган
Ilhomjon Feyz
14/01/2024 03:42
Шома бўлгандаям шу ўйин бўларди. У сехрли таёқча эмас.
&
Козимжон Дехконов
14/01/2024 11:26
Шомуродов йигитларга рух багишларди. Йуклиги жудаям билинди.Агар у булганда ракибнинг икки ёки уч уйинчиси Элдор билан банд буларди. Шундан сунг кайсидир зоналар очилиб коларди