Эпласанг дарвозада тур!
Англия Премьер-лигасида юқори ўринларда бораётган “Астон Вилла” бош мураббийи Унаи Эмери ўз жамоаси асосий дарвозабони Эмилиано Мартинесни “Челси” ва “Арсенал” билан ўйинлардаги қўпол хатолари учун койиб берди.
Мартинеснинг бурчак зарбалар пайтидаги ишончсиз ҳаракатлари икки муҳим ўйинда жамоанинг биринчи бўлиб гол ўтказиб юборишига сабаб бўлди.
Агар “Челси”га қарши ўйинда (2:1) жамоа камбэк қила олган бўлса, “Арсенал” билан тўқнашувда “виллаликлар” қақшатқичга мағлубиятга учради (1:4).
Эмерининг фикрича, ҳакамлар бундай вазиятларда дарвозабон томонини камроқ ола бошлади, шу сабабли у Мартинесдан машғулотларда қўшимча ишлашни талаб қилмоқда.
- Келажакда бизга бўйи 220 сантиметр бўлган дарвозабонлар керак бўлади. Балки улар бокс қўлқопида ўйнаши керакдир. Мартинес дарвозабонлар мураббийи билан бирга ишлаяпти, футболдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда янгиликларни ўзлаштиряпти.
Ўзгаришлар ҳакамларнинг бу каби ҳолатларни қандай талқин қилиши билан боғлиқ. Одатда, Эмилиано бурчак зарбаларида ёки узун тўпларда ўз кучини кўрсатарди.
Энди рақиблар дарвозабонни итариши ёки тўсиши фол, деб баҳоланмаяпти. Бу барча дарвозабонлар учун муаммога айланмоқда. Биз ҳам бу тактикани қўллашимиз мумкин, аммо бундай вазиятларда яхшироқ ҳимояланишга мослашишимиз керак, - деди Эмери.



Фикрлар