Эрнесто Вальверде: "Биз Европа чемпионларига қарши ўйнадик"
УЕФА Чемпионлар Лигаси 6-турида Билбаонинг "Атлетик" жамоаси ўз уйида ПСЖ билан баҳс олиб борди ва беллашув 0:0 ҳисобида нурсиз дуранг билан якунланди. Ушбу баҳсдан сўнг Эрнесто Вальверде ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
"Албатта, бу жуда қийин қўлга киритилган очко эди. Биз Европа чемпионларига қарши ўйнадик, юқори босим ўтказишга ҳаракат қилдик ва улар вазиятдан чиқиб кетишди. Иккинчи бўлим бошида 10 дақиқани ёмон ўтказдик, аммо қолган вақтларда биз жуда яхши ўйнадик. Кўрамиз, ҳали ҳам курашдамиз.
Хурсандман - чемпионларга қарши жуда қийин ўйин бўлди ва биз биринчи дақиқадан охирги дақиқагача кўп меҳнат қилишимиз керак эди. Бундай ўйинларда натижага эришиш учун дарвозабон яхши ҳолатда бўлиши керак ва Унаи Симон биринчи бўлим охирида ва иккинчи бўлимда бир нечта сейвлари билан бизга ёрдам берди", - деди испаниялик мутахассис.
Маълумот учун, Баск жамоаси беш очко тўплади ва турнир жадвалида 28-ўринда бормоқда. Парижликлар 13 очко билан учинчи ўринда.



Фикрлар