Эртага байрам бўлади, аммо кимнинг кўчасида? Ёхуд "Турон"нинг тақдири ўз қўлида эмас!
21 ноябрь куни про лига баҳслари ҳам поёнига етади. Бу ерда ҳаммани қизиқтираётган биргина сабаб қолган. Бу ҳам бўлса, “Андижон”дан кейин Суперлиганинг иккинчи йўлланмаси қайси клубга насиб қилиши билан боғлиқ. Яхши биласиз, 2-ўрин учун кураш “Бухоро” билан “Турон” жамоалари ўртасида кечмоқда. Охирги турга келиб “Бухоро”нинг ҳисобида 49, “Турон”да 47 очко бор. Ушбу клуб учун сўнгги тур ҳал қилувчи аҳамият касб этиши шубҳасиз.
28-турда ким ким билан ўйнайди? “Турон” Яйпанда “Андижон”ни қабул қилади. “Бухоро” Урганчда “Хоразм” билан майдонга тушади. Иккала учрашув бир хил вақтда – 15:00 да бошланади. Табиийки, учрашувдан сўнг ё “Турон” ё “Бухоро” кўчасида байрам бўлади. Имконият ҳар иккисида ҳам бор. Бироқ очколар ҳисобида олиб қарайдиган бўлсак, барибир “Бухоро”да бу борадаги ҳолат яхшироқ. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, энди ҳаммаси бухороликларнинг ўз қўлида қолган. Урганчда ғалаба қозонадиган бўлса, “Бухоро” иккинчи йўлланмани қўлга киритади. “Турон” ютган тақдирида ҳам плей-оффга қолиб кетади.
Яйпанликлар ҳали умидини узишгани йўқ. Улар “Андижон”ни ютиш билан бирга бошқа тарафдан “Хоразм” жамоасига ҳам мухлислик қилишларига тўғри келади. Энди вазиятни бошқача тасаввур қилиб кўрамиз. Мабодо, “Бухоро” “Хоразм” билан дуранг ўйнаб қўйса ва “Турон” уч очкони қўлга киритса очколар тенглашиб қолади. Хўш, унда нима бўлади, деган савол бор. “Турон” билан “Бухоро”нинг ўзаро учрашувларидаги устунлик бухороликлар томонида. Боиси улар икки марта ғалаба қозонишган. “Турон” битта ўйинда ютган ва яна бир бор дуранг ўйналган. Шундай экан, очколар тенглашиши ҳам фақат “Бухоро”нинг хизматига таъсир қилади. Қачонки, “Бухоро” ютқазиб, “Турон” уч очкони қўлга киритадиган бўлсагина ана шундай яйпанликлар ўз мақсадига эришади.
Хуллас, бу ёғига ўзига хос ҳисоб-китоблар авж олмоқда. Биз шунчаки қандайдир эҳтимолий натижалар ҳақида гапиряпмиз, жамоаларнинг имкониятларини чамалаган ҳолда. Лекин тўп юмалоқ, майдон текис деганларидек, 90 дақиқа ичида балки умуман кутмаган натижалар юз бериши ҳам ҳеч гап эмас.
Ҳеч ким плей-оффга қолишни хоҳламаяпти. Барибир тўғридан-тўғри Суперлигага чиққан бошқачада. Плей-оффдаги рақиб “Локомотив”. “Темирйўлчилар” рақибини кутиб ўтирибди. 3-ўрин соҳиби ҳали буткул Суперлигадан умидини узди, дегани эмас. Кўпчилик ҳозирданоқ “Турон”ни плей-оффда “Локомотив”га қарши майдонга тушиши ҳақида тахмин қилишяпти.
Аслини олганда, “Турон” клубини бундай ҳолатга тушиб қолишига ўзи сабабчи. Ёдингизда бўлса, бу жамоа аллақачон фаворитлардан бири эди ва анча вақтгача пешқадамликни ўзида сақлаб келди. Бироқ рақибларига имкониятларни бой бериши, қимматли очколарни йўқотилиши эвазига “Турон”нинг тақдири энди ўз қўлида эмас.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар