Эртага "Насаф" футбол юлдузларига қарши майдонга тушади!
"Насаф" клуби эртага ОФК Элит Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 6-тури доирасида Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоаси билан куч синашади. ЎзПФЛ "аждарлар"нинг рақиби ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим қилди.
"Ал-Иттиҳод" жамоаси 98 йиллик тарихга эга. Клуб 1927 йилда ташкил этилган.
Жамоага мухлислар томонидан “Tigers” (Йўлбарслар) ва “The People’s Club” (Халқ жамоаси) деган лақаблар берилган.
"Ал-Иттиҳод" ўз уй учрашувларини Жидда шаҳрида жойлашган Қирол Абдуллоҳ Спорт Сити стадионида ўтказади. Ушбу майдон 62 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.
Жамоа шу вақтга қадар 10 марта Саудия Арабистони Профессионал Лигаси, 10 марта Қирол кубоги, 8 марта Валияҳд шаҳзода кубоги мусобақаларида чемпиони бўлган. Шунингдек, «Ал-Иттиҳод» 2004 ва 2005-йилги мавсумларда Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасининг бош совринига эга чиққан.
Жамоани ҳозирда 51 ёшли португалиялик мутахассис Сергио Консейсау бошқармоқда. У ўз фаолияти давомида "Брага", "Нант", "Порту", "Милан" каби номдор клубларда ишлаган. 2025 йил октябрь ойида ушбу жамоани қабул қилиб олган.
Консейсау мураббий сифатида "Порту" клуби билан 3 марта Португалия чемпиони бўлган. Айнан шу йилларда ушбу мураббий лига томонидан “Йил мураббийи” деб топилган.
Ҳозирда "Ал-Иттиҳод" клубида Муса Диаби, Стивен Бергвейн, Н’Голо Канте, Фабиньо ва Карим Бензема каби жаҳон футболи юлдузлари фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, клубда ҳозирда Солих Ал Шехри, Файсал Ал Ғамди, Ҳассан Кадеш, Ахмад Ал Ғамди, Саад Ал-Муса каби Саудия Арабистони терма жамоаси футболчилари тўп сурмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 6-туридан ўрин олган "Ал-Иттиҳод" — "Насаф" учрашуви 23 декабрь куни соат 23:15'да старт олади.



Фикрлар