Эртага Тошкентда катта ММА кечаси бўлади ёхуд титанлар жангида кимнинг имконияти юқори?

  • 18 февраль, 2022, 20:50
  • 0
  • MMA

Хабар бериб ўтганимиздек, 19 февраль куни Тошкентда катта ММА кечаси ўтказилади. Яъни, Қозоғистоннинг "Oktagon" ҳамда юртимизнинг "U1 Championship" промоушени ҳамкорлигида жанг кечаси ташкил этилади. 

Ушбу оқшомнинг марказий жангида юртимизнинг энг кўзга кўринган ММА вакилларидан бири Нурсултон Рўзибоев ҳамда бразилиялик Лучиано Контини баҳс юритади. 

Шунингдек асосий карддан Авлиёхон Ҳамидов, Азамат Нуфтиллаев каби таниқли ҳамюртларимизнинг жанглари ҳам ўрин олган. 

Бир сўз билан айтганда қизиқарли баҳсларнинг гувоҳига айланамиз. Албатта, ҳар бир жанг мухлислар учун қизиқ ва ҳаяжонли бўлиши турган гап. Чунки, 17 жангнинг 16 тасида Ўзбекистон вакиллари октагонга кўтарилади. Бироқ, кўпчилик барибир асосий кард жангларига катта эътибор қаратган, десак янглишмаган бўламиз. 

Улар орасида эса оғир вазн тоифасидаги икки титан жангчи ҳамюртимиз Азамат Нуфтиллаев ҳамда украиналик Юрий Проценко тўқнашуви янада аҳамиятли дея оламиз. Чунки бунинг ўзига хос сабаблари бор. Демак, биз ушбу жанг борасида бироз сўз юритишни лозим топдик...

Оғир вазн тоифасидаги ушбу қарама-қаршиликка эътибор жуда юқори бўлади, дея айтиб ўтдик. Сабаби, украиналик жангчи ўзбекистонлик ММА ихлосмандларига жуда яхши таниш. Чунки у ўз вақтида марҳум, ўзбек ММА оламининг ёрқин намояндаси бўлган, Мурод Хонтўраев билан ҳам жанг қилган ва ғалаба қозонганди. Шунингдек, Музаффар Раджабов билан ҳам тўқнаш келган ва бу сафар ҳамюртимизнинг қўли баланд келган. Қолаверса, Проценко жуда кўплаб промоушенларда фаолият олиб берган. Шунингдек, Қирғизистоннинг машҳур жангчиси Михтибек Мамасолиевни ҳам мағлуб эта олган. Хуллас, анчагина жиддий ва тажрибали жангчи.

Албатта, ҳозир қандай жисмоний ҳолатга эга бу борада бирор фикр билдира олмаймиз. Сабаби, у заҳира жангчиси сифатида ушбу турнирга ташриф буюрган. Аслида Азамат Нуфтиллаев Россия вакили Арсен Абакаров билан жанг қилиши керак эди. Бироқ, баъзи сабабларга кўра, у умазкур жанг кечасида иштирок эта олмаслигини билдирган.

Проценко фаолияти мобайнида 20 та ғалаба ва 12 та мағлубият, 1 дуранг қайд этган. Унинг кучли жиҳати кураш ва оғриқли услублар, "сабмишен"лардан унумли фойдаланиш деган бўлардик. Чунки 20 та ғалабасининг 13 тасини "сабмишен"лар эвазига қўлга киритган. Бир сўз билан айтганда, оддий рақиб эмас!

Азамат Нуфтилалев ҳақида сўз юритадиган бўлсак, юқори салоҳиятга эга, универсал жангчи десак, адашмаган бўламиз. У 11 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Қозоғистоннинг "Alash Pride" промоушенининг чемпиони ҳисобланади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Нуфтиллаевда ҳар жабҳада ўзига хос маҳорат мавжуд. Яъни оёқ-қўл зарбалари яхши шаклланган. Кураш, греплинг борасида юқори тажрибага эга. Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, универсал жангчи. 

Албатта, ушбу тўқнашувда Проценко ҳар доигидек, "тэйк-даун"ларни амалга ошириб, ўзининг кучли жиҳати бўлган бўғиш услубларини ишга солишга ҳаракат қилади. Зеро, "стойка"да юртдошимиз унга имконият қолдирмаса керак. Нуфтиллаев эса юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кураш ва греплинг борасида ҳам яхши салоҳиятга эга ва "тэйк-даун"лардан ҳам яхши ҳимояланади. Умумий олиб қараганда юртдошимизнинг имкониятлари бу қарама-қаршиликда анчагина юқори. 

Қисқа қилиб айтганда, ушбу тўқнашув эртанги жанг кечасининг энг қизиқарли баҳсларида бири бўлади, десак янглишмаган бўламиз. Ўз ўрнида эса, юртдошимизга омад ёр бўлишини тилаган ҳолда, навбатдаги ғалабаси билан барчани хурсанд қилишига умид қиламиз!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!