Эшитдингизми, "Металлург"нинг янги бош мураббийи ҳам хориждан бўларкан. Клуб бош директори суҳбатда яна нималарни очиқлади?
Хабарингиз бор, “Металлург”нинг испаниялик бош мураббийи Луисма Эрнандес клубни тарк этди. Суперлиганинг ортда қолган 3 та турида бекободликлар икки мағлубият ва бир ғалаба қайд этишди. Бироқ Эрнандеснинг истеъфога чиқиши бу унинг хоҳишига кўра юз бергани маълум бўлди.
“Металлург”нинг янги бош мураббийи ким бўлади? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев клуб бош директори Шавкат Саидов билан боғланди.
- Суперлигадаги дастлабки истеъфо “Металлург” клуби билан боғлиқ бўлди. Испаниялик Луисма Эрнандеснинг жамоадан кетиши қандай юз бергани хусусида ўзингиздан эшитсак...
- Истеъфо қандай бўлди? Бош мураббийнинг мурожаатини тингладик. Асосийси, оилавий сабаблари билан боғлиқ. Клуб раҳбариятига таклиф берди. Ўтган йили испаниялик жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий ҳам худди шундай масала туфайли кетганди. Эрнандес ҳам оилавий сабабларга кўра раҳбариятга мурожаат билан чиқди. Раҳбарият билан биргаликда ўйлаб кўрдик, ўзи билан гаплашдик ва бир қарорга келдик. Натижада Луисма билан дўстона муносабатда хайрлашдик.
- Демак, клубдан кетиш ташаббуси ўзидан чиқибди-да!
- Ҳа, ўзидан чиқди. Ҳолбуки, чемпионатимиз бошланмасидан аввал фожеали ҳолат йўқ эди. Тўғри, дастлабки иккита учрашувда ютқазган бўлсак-да, рақиблар жиддий эди. Ҳақиқатан ўйин томонлама ҳам ютқаздик. Аммо “Қизилқум”га қарши қийин учрашувда ғалаба қозониб, аста-секин футболчилар руҳан кўтарилаётгандилар. Бош мураббий билан ҳеч қанақа муаммо йўқ эди. Ҳаммаси испаниялик мутахассиснинг ўзидан чиққанини инобатга олган ҳолда раҳбарият билан унинг кетиш ҳақидаги қарорини қондирдик.
- Мураббийнинг бундай қарорга келиши сиз учун кутилмаган янгилик бўлдими ёки шундай гап-сўз олдиндан пайдо бўлганмиди?
- Гап-сўз умуман йўқ эди. Дастлабки иккита турдан кейин клуб президенти, вице-президент, ўзимиз жамоа ичида йиғилиш ўтказиб, муаммоларни кўриб чиқдик, ҳар бир мураббийни тингладик. Ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб “Қизилқум”га тайёргарлик кўрдик. Ушбу беллашувдан кейин ҳам “Пахтакор”га режа бўйича тайёргарлик кетаётганди. Боя таъкидлаганимдек, мураббий кетиш ҳақида раҳбариятга мурожаат қилди.
- Луисма Эрнандеснинг ўрнини ким эгаллайди, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Бу борада қандай йўл тутяпсизлар?
- Бу борада 2-3 кун ичида аниқлик киритилади. Ҳаммаси ҳал бўлгач, матбуот хизматимиз орқали хабар берилади.
- Янги бош мураббий масаласида музокаралар кетяптими?
- Бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлганлиги сабабли бугун-эрта ўрганиб чиқилади. Фикримча, узоғи билан “Сўғдиёна”га қарши, балки “Пахтакор” билан беллашувга қадар янгилик бўлиб қолиши мумкин.
- Узун-қулоқ гапларга қараганда, “Металлург”ни Ҳамиджон Актамов ёки Илҳом Мўминжонов бошқариши мумкин эмиш. Буларнинг замирида хақиқат борми?
- Маҳаллий мураббийлардан ташқари мен кўпроқ хориждан бош мураббий келсак керак, деган фикрдаман. Чунки академиямизда ҳам мутахассислар ишлашади. Яқин орада ойдинлик киритилса ҳам ажаб эмас. Менимча, чет эллик мураббий келади.
- Демак, бош мураббий вазифасига яна хорижлик мутахассис келар экан-да...
- Шунга яқинроқ.
- Сир бўлмаса, қайси мамлакатдан?
- Эртага раҳбарлар билан учрашаман. Кўпроқ ўшанда ойдинлик киритилади. Балки узоғи билан “Пахтакор”га қарши ўйин олдидан яна алоқага чиқсангиз тўғрироқ маълумот бераман.
- Клуб селекция ишларини тўғри йўналишда олиб борди, деб ўйлайсизми ёки кўнглингиз тўлмаган жиҳатлари ҳам борми?
- Ҳар бир клуб машҳур мақол – кўрпасига қараб оёқ узатади. Биз ҳам бюджетимизга қараб селекция ишларини амалга оширдик. Ноябрь ойида шорт-листни бош мураббийга тақдим этгандик. Селекцияни А ва Б режа бўйича амалга оширдик. А режадаги футболчиларнинг молиявий талабларини қаноатлантира олмаганимиз учун кўпроқ Б режадаги ўйинчиларни олдик. Ҳар бир янги ўйинчи бўйича Луисма Эрнандес уларни кўриб, ўрганиб чиқарди ва шунга қараб менга шу футболчини гаплашиб беринглар деб айтарди. 80-90 фоиз ўзимизнинг бюджетимиздан келиб чиққан ҳолда иш тутдик ва албатта мураббий билан биргаликда селекцияни амалга оширдик. Лекин бу фожеа эмас. Топ-клубларда ҳам селекция бўйича 1 фоизга бўлса ҳам хато бўлади. Ҳозирча қилинган селекция бўйича хулоса чиқаришга эрта. Чунки чемпионат яқинда бошланди. Бу саволингизга яна 3-4 та турдан сўнг ойдинлик киритиб, кейин хулоса чиқарсак бўлади.
- Олдинда “Металлург”ни “Пахтакор”га қарши мураккаб учрашув кутяпти. Ушбу баҳс олдидан “Металлург”дан бош мураббийнинг кетгани жамоанинг тайёргарлигига, футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хавотирда эмасмисиз?
- Бунақа хавотирга ўрин йўқ. Йигитлар билан ҳам, мураббийлар штаби билан ҳам гаплашдик. Кўрган бўлсангиз, Эрнандес билан хайрлашишимиз дўстона бўлди. Базамиздаги залда йиғилиш ўтказдик. Луисма ҳаммага миннатдорчилик билдирди. Тайёргарлигимиз режа бўйича кетяпти. Бундай ҳолатлар футболнинг ажралмас қисми. Мураббийлар келади-кетади. Футболчиларнинг шартномалари бор, ишга профессионал тарзда ёндашиш керак. Жамоамиз аъзоларида руҳий томондан ҳеч қанақа салбий таъсирини кўрмаяпман. “Пахтакор” кучли жамоа, буни ҳамма билади. Максимал даражада тайёргарлик кўришни ва ишга профессионал ёндашишни талаб қиламиз.
- Ушбу ўйинга жамоани энди ким тайёрлаяпти ва бош мураббийдан ташқари унинг штабидан яна кимдир кетдими?
- Фақатгина бош мураббий тарк этди. Қолганлар иш жойида. Агар “Пахтакор”гача янги мураббий ҳал бўлмаса Илёс Қурбонов бошчилигида тайёргарлик олиб борилади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар