Эътибор марказимизда яна Суперлига. Марказий ўйин қаерда?

Чемпионатдаги кичик танаффус ҳам якунланди ва яна эътибор миллий биринчилигимизга қаратилади. Суперлиганинг 4-тур ўйинлари 28 март куни бошланади ва 31 мартга қадар давом этади. Ғалабага чанқоқ клублар ўртасида кечадиган ўйинлар сабабли интрига кўтарилмоқда.

28 март

19:00. “Динамо” – “Металлург”

Жиззахда ўтадиган бу ўйиннинг ҳарорати анча баланд бўлади. Сабаби одиий: ҳар иккала клубда ҳали ғалаба йўқ. Айниқса, Вадим Абрамов бошқараётган “Динамо” дастлабки учта турда учта мағлубиятга учради. Ҳаттоки, дуранг ҳам самарқандликларни қаноатлантирмаслигини билиб турибсиз. “Металлург” 3 та турда 2 дуранг ва 1 мағлубият қайд этди. Майдонда қаттиқ кураш кечади. Абрамовга ютмаслик учун ҳеч қанақа баҳона қолмади. Бу фақат ўйиндан олдинги фикрлар холос. Барчаси майдонда ҳал бўлади.

29 март

19:00. ОКМК – “Бунёдкор”

Миржалол Қосимов ушбу турда собиқ клубига қарши ўйнайди. “Қалдирғочлар” чемпионатни қандай бошлаганини яхши биласиз. Кетма-кет иккита учрашувда ўз дарвозасидан 8 та тўп олиб чиққан ҳолда рақибларига хунук тарзда мағлуб бўлганидан кейин хорватиялик мураббийлар штаби ишдан бўшатилди. Анвар Ғофуров вақтинча бош мураббий лавозимида ишлашни бошлади ва унинг жамоаси ўтган турда “Навбаҳор”га қарши учрашувда яхши таассурот қолдириб, бир очкони қўлга киритди. Чемпионатдаги танаффус пайтида “Бунёдкор” Москвада ЦСКАга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб қайтди. ОКМКга қарши баҳс иккала жамоа учун принципиал аҳамиятга эга. ОКМК ҳали ютқазгани йўқ, “Бунёдкор” эса ҳали ютгани йўқ. Хулоса ўзингиздан...

19:15. “Қизилқум” – “Локомотив”

Навоийнинг “Қизилқум” клубини “Локомотив”га қарши муҳим учрашув кутяпти. Жамшид Саидов жамоаси дастлабки иккита турда ғалаба қозонди ва ўтган сафар Қаршида “Насаф”га енгилди. Аммо ўйин бўйича “Қизилқум” ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Суперлигага қайтган “Локомотив” ҳам яхши таассурот қолдираётганини айтиш жоиз. “Темирйўлчилар” 2 ғалаба ва 1 дуранг қайд этишди. Бир қарашда бу жамоалар бир-бирига муносибдек кўринмоқдалар. Кучлар тенг келса ажабланиш йўқ.

30 март

19:00.  “Андижон” – “Насаф”

Суперлиганинг ушбу туридаги энг марказий тўқнашув сифатида қаралаётган “Андижон” ҳамда “Насаф” жамоалари иштирокидаги ўйинга чиндан қизиқиш жуда катта. “Бургутлар” ҳам, “Аждарлар” ҳам учта ўйинда бир хил 2 тадан ғалаба ва 1 тадан дуранг қайд этдилар. Яқинда “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев Sports.uz сайтига берган интервьюсида “Бобур Арена”даги муҳитга алоҳида эътибор қараётганини ва унга ҳам у ердаги аншлаг ёқишини таъкидлаб ўтди. Қолаверса, яқинда Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташланди ва унга кўра “Андижон” билан “Насаф” бир гуруҳдан жой олдилар. Улар апрель охирларида яна Андижонда тўқнашишади. Хуллас, 30 март оқшомида ҳамма кутаётган ўйин шунга яраша интригаларга бой ва ҳужумкор ўтиши катта эҳтимол. Стадиондаги муҳитни эса ҳозирдан тасаввур қилса бўлади.

19:00. “Пахтакор” – “Сўғдиёна”

Ўтган турда “Локомотив” майдонида 0:3 ҳисобида ютқазиб мухлисларини ажаблантирган “Пахтакор” ўша мағлубият тасодиф эканлигини исботлаш учун ўз майдонида “Сўғдиёна”га қарши кечадиган баҳсда ютиши керак. Амалдаги чемпион 3 та турда ғалаба, дуранг ва мағлубиятни қайд этиб бўлди. “Сўғдиёна”да 2 та дуранг билан 1 та мағлубият бор. Иван Бошкович жамоаси Тошкентда ғалаба учун тўп суришини бемалол айта оламиз. Иккала жамоада босим бор. Бу уларга қанчалик таъсир кўрсатиши ўйин пайтида билинади.

31 март

19:00. “Навбаҳор” – “Сурхон”

Ўтган турда “Навбаҳор” “Бунёдкор” майдонида ғалабани қўлдан чиқарди ва мағлубиятга тенг дуранг қайд этди, десак балки муболаға бўлмас. Наманганда “Сурхон” билан учрашувда мезбонлар худди яраланган шер каби таърифланяпти. Лекин “Сурхон”чи? Чемпионатни 3 та мағлубият билан бошлаган жамоанинг ҳолатини ўзингиз ҳис қилиб турган бўлсангиз керак. Фақат фарқи шундаки, “Навбаҳор” чемпионлик учун курашяпти ва бу йўлда йўқотилаётган ҳар бир очко охирида албатта ўз сўзини айтади. Таркиб бўйича ҳам “Навбаҳор” яққол кучли, буни тан олмасликнинг иложи йўқ. Агар яна дуранг бўлса ҳам буни наманганлик ишқибозлар оғир қабул қилишади. “Сурхон”га эса рости Наманганда бир очко қўлга киритса ҳам буни улар учун ижобийлик белгиси сифатида баҳоласак адолатли бўлади. Аммо барча “Навбаҳор”нинг имкониятини юқори баҳоламоқда.

19:00. “Олимпик” – “Нефтчи”

Дастлабки учта турда 100 фоизлик натижа қайд этган биргина клуб “Нефтчи” бўлди. Виталий Левченко жамоасини 31 март куни Тошкентда “Олимпик”га қарши учрашув кутяпти. Албатта, чемпионлик учун курашаётган фарғоналиклар ғалабали сериясини давом эттириш истагидалар. Тимур Кападзе жамоаси эса ҳозирча 1 дуранг ва 2 мағлубият қайд этди. “Олимпик” жамоасига ҳам ғалаба зарур. Бироқ тажриба борасида “Нефтчи” барибир устунроқ. “Сўғдиёна”га қарши баҳсда Кападзе жамоаси 2:0 ҳисобидаги мағлубиятдан чиқиб кетдилар ва якунда 2:2 ўйнадилар. Асосий гап шундаки, уларга барқарорлик етишмаяпти. Бу “Нефтчи”га қўл келса керак.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!