"Евро-2020". Данияни мағлуб этган Англия ўз тарихида илк бор финалга чиқди
Ҳозиргина “Евро-2020” ярим финал босқичидан ўрин олган Англия ҳамда Дания терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. Лондондаги “Уэмбли” стадионида кечган учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучишди.
30-дақиқада Миккель Дамсгор жарима зарбасини ажойиб тарзда ижро этиб, ҳисобни очди. Орадан 9 дақиқа ўтиб ҳисоб тенглашди. Букайо Саканинг ўнг қанотдан узатган тўпидан сўнг Симон Кьер тўпни кутилмаганда ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Беллашувнинг асосий вақтида ғолиб аниқланмагач, қўшимча бўлимларга мурожаат этилди. Экстра таймларнинг биринчисида фаоллик кўрсатган Раҳим Стерлинг рақиб жарима майдони ичида йиқилди ва ҳакам Дания дарвозаси томон 11 метрли жарима зарбаси беглилади. Харри Кейннинг пенальтидан йўллаган зарбасини Каспер Шмейхель қайтарди, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Кейн иккинчи уринишда гол киритиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Шу тариқа, “уч шерлар” ўз тарихларида илк бор Европа чемпионати финалига чиқишди. Инглизлар ҳал қилувчи ўйинда Италия терма жамоасига қарши баҳс олиб боришади. Мазкур беллашув 11 июль куни Лондондаги “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтади.
Фикрлар