Ана холос: Ҳусановга жой беришмади!
Англия Премьер-лигасининг янги мавсуми бошланди. Кўпчиликнинг эътиборини “Манчестер Сити” ўзига жалб этаётгани табиий. Бу клубда жиддий ўзгаришлар рўй берди ва янгиланиш давом этмоқда.
Асосийси, “Манчестер Сити”ни ўн йил бошқарган Хосеп Гвардиола клубни тарк этди. Бош мураббий лавозимини эгаллаган Энцо Маресканинг “шаҳарликлар” бошқарувидаги дебюти омадли чиқмади. Жамоа илк расмий учрашув – Англия Суперкубогида амалдаги чемпион “Арсенал”дан қақшатқич мағлубиятга учради.
Энди Энцо Мареска шогирдлари Англия чемпионатидаги илк учрашувини ўз майдонида “Борнмут”га қарши ўтказади. Англия футболи манбалари ва экспертлари ўйин олдидан турли таҳлиллар натижаларини эълон қилмоқда. Хусусан, cityxtra.co.uk портали экспертлари италиялик мутахассис АПЛнинг биринчи турида майдонга қайси футболчиларни туширишини тахмин қилди.
- Уэльсдаги мағлубиятдан сўнг уч футболчи – Родри, Тижани Рейндерс ва Савио Манчестер клубини бутунлай тарк этди. Улар мос равишда “Барселона”, Саудия Арабистонининг “Ал-Қодисия” клуби ва “Тоттенхэм”га ўтди.
Бошқа томондан, “Манчестер Сити” бу ҳафта ҳеч қандай янги футболчи сотиб олмади. Шу боис айни пайтда жамоанинг биринчи таркибининг умумий кўриниши қуйидагича қолди:
Дарвозабонлар: Доннарумма, Рулли, Бертинелли.
Ҳимоячилар: Льюис, Нуньеш, Диаш, Гехи, Гвардиол, Ҳусанов, Рейс, О'Райли, Айт-Нури, Уилсон-Эсбранд.
Ярим ҳимоячилар: Нико, Ковачич, Андерсон, Эчеверри, Фоден, Шерки.
Ҳужумчилар: Семеньо, Грилиш, Доку, Монга, Мармуш, Холанд.
Ўзгаришлар давом этади. Айни пайтда Нико Гонсалес “Ньюкасл” билан музокара олиб бормоқда, Умар Мармуш эса “Тоттенхэм”га ўтадиган бўляпти.
“Манчестер Сити” мухлислари қаршисида ўтадиган мавсумнинг илк учрашуви арафасида Энцо Марескада вазиятни ўзгартириш ва янги лига мавсумини ижобий натижа билан бошлаш учун яхши имконият бор.
“Борнмут”га қарши майдонга туширилиши кутилаётган таркиб “Арсенал” билан ўйиндагидан фарқ қилади.
Дарвозага Суперкубок баҳсида, айниқса, зарбаларни қайтариш борасида унчалик ишончли ўйин кўрсатмаганига қарамай, Жанлуижи Доннарумма чиқиши кутилмоқда. Италиялик дарвозабонга биринчи рақам кафолатланган.
Ўнг қанот ҳимоясида Матеуш Нуньеш ҳаракат қилиши кутиляпти. Вингерлар танқислигидан фойдаланиб, у жамоа тўп билан бўлган пайтда ҳужумга юқорироқ кўтарилиши, тўпсиз ҳолатда эса ҳимояда қолиши мумкин. “Арсенал”га қарши баҳсда бу позицияда Абдуқодир Ҳусанов ўйнаган эди. Бироқ унинг ҳаракатлари кутилганидек чиқмади.
Марк Гехи яқинда таътилдан қайтган бўлса-да, асосий таркибга қайтиши ва ўнг марказий ҳимоячи позициясида ўйнаши кутилмоқда.
Яқин кунларда Рубен Диаш “Манчестер Сити”нинг янги расмий сардорига айланади. У Гехи билан марказий ҳимоя жуфтлигини ташкил қилиши, шунингдек, жамоанинг тўпни ҳимоядан чиқариш жараёнида марказий роль ўйнаши тахмин қилинмоқда.
Ҳимоя чизиғининг чап қанотида эса Йошко Гвардиол майдонга тушиши кутиляпти. У ҳам ҳимоя тизимида, ҳам Энцо Мареска ҳужумларни ташкил этишда қўллайдиган уч кишилик ҳимоя чизиғида иштирок этиши мумкин.
Майдон марказида “Манчестер Сити”нинг таянч зонасини Эллиот Андерсон ва Матео Ковачич ташкил қилиши прогноз қилинмоқда.
Нико О'Райли ҳам ўзининг табиий позицияси бўлган ярим ҳимояда ҳаракат қилиши мумкин. Унинг ёнида эса Франция терма жамоаси аъзоси Райан Шерки мавсумдаги илк тўлиқ 90 дақиқалик ўйинини ўтказиши кутилмоқда. Ҳужум босқичларида улар квадрат ёки ромб шаклидаги тизимни ҳосил қилади.
Мавсумолди йиғинларининг энг яхши футболчиларидан бири сифатида баҳоланаётган Антуан Семеньо собиқ жамоаси — “Борнмут”га қарши баҳсда “Манчестер Сити”нинг асосий таркибида, бу сафар чап қанот вингери сифатида майдонга тушиши кутилмоқда.
Ҳужум марказида эса Эрлинг Холанд бўлади. Бундан бошқа ким бўлиши мумкин?
Бундай таркиб билан “Манчестер Сити” ҳужумда 3-2-5, ҳимояда эса 4-4-2 схемасида ҳаракат қилиши мумкин.
“Манчестер Сити”нинг “Борнмут”га қарши тахминий таркиби:
Доннарумма; Нуньеш, Диаш, Гехи, Гвардиол; Андерсон, Ковачич, О'Райли, Шерки; Семеньо, Холанд.
Захирада:
Рулли, Абдуқодир Ҳусанов, Рейс, Льюис, Айт-Нури, Нико, Фоден, Грилиш, Мармуш.
Демак, ушбу манба прогнозида Абдуқодир Хусанов “Борнмут”га қарши ўйинни асосий таркибда эмас, захира ўриндиғида бошлаши кутилмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk портали эксперти Энцо Кригер.
“Манчестер Сити” ва “Борнмут” ўртасидаги биринчи тур учрашуви 23 август куни Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.
Шомуродов трансферидан воз кечганимиз йўқ!

Фикрлар