11 июнь куни Тошкент вақти билан соат 00:00да Римдаги "Олимпико" стадионида Италия ва Туркия терма жамоалари ўртасидаги баҳс билан “Евро-2020”нинг финал босқичига старт берилади. Эътиборлиси, 1928 йилда қурилган "Рома" ва "Лацио" клубларининг уй аренаси Европа чемпионатидаги энг тарихий стадион эмас. “Евро-2020” стадионлари орасида қайсилари энг қадимги, қайсилари энг қиммат ва қайсилари ҳеч қачон йирик турнирларни қабул қилмаган? Бугун шу ҳақда сўз юритамиз.

Миллий стадион (Бухарест)

Сиғими: 55,600 (“Евро-2020” пайтида 25% дан 33% гача мухлис киришига рухсат берилган).

Янги стадион Майкл Жексон икки марта концерт берган “Арена Националэ” ўрнида барпо этилган. Ушбу стадион "Атлетико" - "Атлетик" (3: 0) жамоалари ўртасидаги 2012 йилги Европа лигаси финал баҳсига мезбонлик қилган. Айнан ўша учрашувда испаниялик мухлислар билан бир воқеа юз берган. Гап шундаки, мухлисларнинг аксарияти шаҳарларни чалкаштириб юборган ва ўйинга келолмаган.

Ушбу стадионнинг қурилишига сарфланган харажатларга келсак, бунга 234 миллион евро йўналтирилган. Шундан 20 миллиони стадионнинг ҳаракатланувчи том қисми қурилишига сарфланган. Стадион томи ўз жойлашувини тўлиқ ўзгартириши учун 15 дақиқа етарли.

Бухарестда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Австрия — Шимолий Македония (13 июнь), Украина — Шимолий Македония (17 июнь), Украина — Австрия (21 июнь) ва 1/8 финалнинг битта учрашуви (28 июнь).

“Йохан Кройфф Арена” (Амстердам)

Сиғими: 54.990 (“Евро-2020” пайтида 25% дан 33% гача мухлис киришига рухсат берилган).

“Йохан Кройфф Арена” 1996 йилда фойдаланишга топширилган. У томи очилиб-ёпиладиган Европадаги биринчи стадион ҳисобланади. Стадион 2018 йилда нидерландиялик афсонавий футболчи Йохан Кройфф шарафига қайта номланган. Ушбу арена анча олдинроқ барпо этилиши мумкин эди. Аниқроғи, у 1992 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари учун қурилиши режалаштирилган, аммо Нидерландиянинг мезбонлик бўйича топширган аризаси рад этилгач, маҳаллий ҳокимият уни қуриш ғоясини кейинга қолдирган.

2019 йилнинг 9 май куни “Йохан Кройфф Арена” Чемпионлар лигаси тарихидаги энг драматик учрашувлардан бирига мезбонлик қилди. Лондонда "Тоттенхем"ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган “Аякс” ўша куни ўз майдонида кутилмаганда 2:3 ҳисобида енгилди ва финал йўлланмасидан махрум бўлди. "Sensation" халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш анъанаси ҳам айнан шу ерда пайдо бўлган.

Амстердамда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Нидерландия — Украина (13 июнь), Нидерландия — Австрия (17 июнь), Нидерландия — Шимолий Македония (21 июнь) ва 1/8 финалнинг битта ўйини (26 июнь).

“Арена Мюнхен” (Мюнхен)

Сиғими: 75,000 (“Евро-2020” пайтида 22% мухлис киришига рухсат берилган).

"Альянц Арена" “Евро-2020” пайтида "Арена Мюнхен" деб номланади. Ушбу стадион катта ўйинларни ўтказиш тажрибасига эга: 2006 йилда бу ерда Жаҳон чемпионатининг ярим финал учрашуви бўлиб ўтган, олти йилдан сўнг эса Чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи баҳси ўтказилди. Дастлаб бу майдон "Бавария" ва "Мюнхен 1860"нинг уй аренаси сифатида фойдаланилган, аммо кейинчалик Германиянинг амалдаги чемпиони стадион акцияларини тўлиқ сотиб олиб, иншоотнинг ягона эгасига айланди.

Стадионнинг алоҳида аҳамиятга молик жиҳатларидан бири шундаки, "Бавария" иштирокидаги ўйинлар пайтида стадионнинг фасад қисми қизил, "Мюнхен 1860" ўйини пайтида кўк ва Германия терма жамоаси ўйнаётган пайтда оқ рангдаги кўринишга келади.

Мюнхенда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Германия — Франция (16 июнь), Германия — Португалия (19 июнь), Германия — Венгрия (24 июнь) ва 1/4 финалнинг битта ўйини (2 июль).

“Ференц Пушкаш” (Будапешт)

Сиғими: 67,215 (“Евро-2020” пайтида 100% мухлис киришига рухсат берилган)

Дастлаб стадион "Непштадион" деб номланган. Бу ерда 1954 йилда Англия ва Венгрия терма жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтган ва унда инглизлар йирик - 1: 7 ҳисобида мағлубиятга учраган. Ушбу спорт иншооти 2001 йилда афсонавий венгер футболчиси Ференц Пушкаш шарафига қайта номланган.

Будапештдаги арена 2019 йилда қайта қад кўтарди. Шу сабабли у “Евро-2020” ўйинларини қабул қиладиган стадионлар орасида энг янгиси ҳисобланади. Стадионнинг очилиш маросими 2019 йил сентябрда бўлиб ўтди ва у "Бавария" ва "Севиля" ўртасидаги УЕФА Суперкубоги учрашувини қабул қилди. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида ушбу аренада Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси плей-офф ўйинлари ҳамда миллий терма жамоалар иштирокидаги учрашувлар ўтказилди.

Будапештда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Венгрия — Португалия (15 июнь), Венгрия — Франция (19 июнь). Португалия — Франция (23 июнь) ва 1/8 финалнинг 1 та ўйини (27 июнь).

“Хэмпден Парк” (Глазго)

Сиғими: 51 866 (“Евро-2020” пайтида 25% дан 33% гача мухлис киришига рухсат берилган).

“Хэмпден Парк” аренасида фақат Шотландия терма жамоаси ва “Куинз Парк Рейнжерс” клуби ўз ўйинларини ўтказади. Ушбу стадион “Евро-2020”даги энг қадимий стадион ҳисобланади. 1903 йилда очилган ушбу арена ўша пайтда ўз бағрига 100 минг кишини сиғдира оларди. Ҳатто 1937 йилда ўтказилган Шотландия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашувга 149 000 дан ортиқ мухлис ташриф буюрган. Глазгодаги майдонда ўйинлар Иккинчи Жаҳон уруши даврида ҳам давом этган. “Хэмпден Парк” 1950 йилгача, яъни Бразилияда 200 минг мухлисни сиғдира оладиган “Маракана” стадиони қурилгунича дунёнинг энг катта стадиони ҳисобланган. Кейинчалик таъмирлаш ва хавфсизлик талаблари туфайли аренанинг сиғими камайтирилган.

Айтиш лозимки, “Евро-2020” Шотландия терма жамоаси учун 1998 йилдан буён биринчи йирик мусобақа бўлади.

Глазгода қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Шотландия — Чехия (14 июнь), Хорватия — Чехия (18 июнь), Шотландия — Хорватия (22 июнь) ва 1/8 финалнинг битта ўйини (29 июнь)

“Олимпия” стадиони (Севилья)

Сиғими: 60,000 (“Евро-2020” пайтида 30% мухлис киришига рухсат берилган).

Бильбао ўрнига "Севилья" “Евро-2020”ни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу стадион Испания ҳукуматининг Севильяда 2004 ва 2008 йилги Олимпия ўйинларини ўтказишга даъвогарлиги доирасида қурилган. Аммо ҳар иккала сафар ҳам ушбу шаҳар Олимпиада мезбонлиги учун рақобатда имкониятни бой берган. Шундан сўнг, аренанинг ҳеч кимга кераги йўқ бўлиб чиқди. "Севиля" ва "Бетис" клублари ўз уй стадионларига эга ва шунинг учун 60 минг ўринлик бу арена ўтган йиллар давомида шунчаки бўш турди.

Баъзида бу ерда Испания терма жамоаси ўйнаган ва мамлакат кубоги финаллари бўлиб ўтган. Сўнгги йилларда маҳаллий федерация стадионни "ривожлантириш" бўйича ишларни фаол равишда олиб борди. Унга кўра, 2024 йилгача Кубок финаллари фақат шу ерда ўтказилиши белгилаб қўйилди. Европа чемпионатининг ўтказилиши эса ушбу арена учун бироз бўлса ҳам даромад келтиради.

Севильяда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади: Испания — Швеция (14 июнь), Испания — Польша (19 июнь), Испания — Словакия (23 июнь) ва 1/8 финалнинг 1 та ўйини (27 июнь).

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар