Шомуродовдан гол, Ҳусановдан тўп ўтказмаслик талаб этилади! (Превью)
Халқаро футбол федерацияси – ФИФАнинг янги турнири – FIFA Series 2026 мусобақасининг дастлабки учрашувида Габон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Ўзбекистон футболчилари иккинчи учрашувни Венесуэлага қарши ўтказади.
Sports.uz портали Ўзбекистон ва Венесуэла ўртасидаги учрашувга оид маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Габон устидан қозонилган ғалабадан сўнг, таркиби янгиланиб бораётган Венесуэлага қарши мундиалдан олдин Тошкентдаги сўнгги уй учрашувини ўтказади.
Мезбонларда мухлисларни хурсанд қилиш учун яхши имкониятлар мавжуд, бироқ Венесуэла футболчилари ҳам юқори мотивация билан майдонга тушиши аниқ.
Ўзбекистон Габонни мағлуб этиб, мағлубиятсиз сериясини давом эттирди
2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, ўз тарихида илк бор мундиалда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганидан кейин Ўзбекистон 11 та ўйин ўтказди.
Ушбу ўйинларнинг тўрттаси Марказий Осиё ассоциацияси чемпионати – CAFA Nations Cup турнири доирасида бўлиб ўтди (финалда Эрон устидан ғалаба қозонилган), олтитаси ўртоқлик учрашувлари ва яна бири янги ташкил этилган ФИФА Серияси доирасида ўтказилди.
Бу давр мобайнида Ўзбекистон фақат Уругвайга ўртоқлик учрашувида 1:2 ҳисобида ютқазди, шундан кейинги бешта ўйин эса асосий вақтда учта ғалаба ва иккита дуранг билан якунланди.
Фабио Каннаваронинг келиши дастлаб баҳсларга сабаб бўлган бўлса-да, италиялик мураббий билан жамоа “ЖЧ-2026”га тайёргарлик жараёнида ижобий ўсиш кўрсатмоқда. Хусусан, янги турнирдаги тарихий илк учрашувда Габон устидан 3:1 ҳисобидаги ғалаба ишончли ва муносиб натижа бўлди.
Каннаваро захира футболчиларига ишонмоқда, Ҳусанов энди майдонга тушади
Фабио Каннаваро Габонга қарши ўйиндан кейин, ғалабага қарамай танқидларга учради. Бунинг асосий сабаби — асосий таркибни шакллантириш вақти келганига қарамасдан, ўйинда кўплаб захира футболчиларга имконият берилгани бўлди.
Албатта, бу ҳолат Аббосбек Файзуллаев, Абдулла Абдуллаев ва Ҳусниддин Алиқулов каби футболчиларнинг жароҳатлари билан ҳам боғлиқ.
“Манчестер Сити” футболчиси Абдуқодир Ҳусанов терма жамоа йиғинига қўшилди, аммо Габонга қарши ўйинда иштирок этмади. Бунга машҳур футболчимизнинг ноябрь ойида ўтказилган “Al Ain International Cup” мусобақасининг финал учрашувида қизил карточка олгани сабаб бўлди.
Энди Фабио Каннаваро Венесуэлага қарши учрашувда Англиядан йиғинга етиб келган Ҳусановни ҳимоя марказида майдонга тушириши кутилмоқда.
Бўлажак учрашувда терма жамоа тарихида энг кўп тўп киритган Элдор Шомуродовга яна гол уриш масъулияти юклатилади. Зеро, жорий мавсум 30 ёшли ҳужумчи Туркия чемпионатида ҳам жуда сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда.
Ўзбекистон “ЖЧ-2026” олдидан сўнгги уй ўйинини ўтказади
Аслида, мухлислар айнан шу ўйин орқали терма жамоани жаҳон чемпионатига кузатиб қўйишади. Шу сабабли стадиондаги муҳит ҳиссиётларга бой бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ўз майдонида анъанавий равишда муваффақиятли ўйнайди: Эрон (0:0, 1:0, 0:0, 2:2), Қатар (3:0), БАА (1:0), Уммон (1:1, 3:0) билан мағлубиятсиз ўйинлар бунга яққол мисол бўла олади.
Жамоа ҳужумда ҳам ишончли кўрсаткичга эга — сўнгги ўнта ўйинда 20 та гол урилган.
Венесуэла “ЖЧ-2026” саралашидан кейин тикланишга бел боғлаган
Жанубий Америкадан мундиалга чиқадиган жамоалар сонини ҳисобга олганда, Венесуэла ҳам АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган турнирга йўл олиши мумкин бўлган номзодлардан бири эди.
Бироқ саралашнинг сўнгги учта ўйинидаги омадсизлик (учта мағлубият ва тўплар фарқи 3:11) жамоа учун жуда қимматга тушди.
Ҳозирда жамоада мураббий алмашган, венесуэлаликлар Тринидад ва Тобагога қарши сўнгги учрашувни Освальдо Вискаррондо бошчилигида ўтказди.
Тринидад ҳисобда олдинга чиққан бўлса-да, танаффусдан кейин Венесуэла 25 дақиқа ичида ўйин тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди – 4:1.
Бундан олдин Австралия устидан 1:0 ҳисобида ғалаба ва Канададан 0:2 ҳисобида мағлубият қайд этилган эди. Шу тариқа жамоа ўз тарихида янги футбол даврини бошламоқда.
Вискаррондо таркибни янгиламоқда, аммо Рондон ҳамон етакчи
Таркиб янгиланиши қисман мажбурий тусга эга. Жефферсон Саварино терма жамоага келмасликка қарор қилди, айрим футболчиларни эса мураббийнинг ўзи чақирмади. Булар Александр Кова, Даниэль Перейра, Эндер Эченике, Кевин Келси ва бошқалар.
Ҳозирда асосий эътибор бошқа футболчиларга қаратилган бўлса-да, жамоа етакчиси Саломон Рондоннинг ўрни ўзгармас бўлиб қолмоқда. 36 ёшли ҳужумчи Венесуэла ҳужум чизиғининг асосий таянчи ҳисобланади.
Сўнгги ўйинда у захирадан майдонга тушиб, дубль қайд этди ва жамоасининг ғалабасини мустаҳкамлади.
Катта эҳтимол билан, Ўзбекистонга қарши ўйинда у асосий таркибда майдонга тушади.
Венесуэла сафар ўйинларида кучли жамоа эмас
Жанубий Америка жамоаларига хос тарзда, Венесуэла уйда яхши натижа кўрсатиши мумкин, аммо меҳмонда буни такрорлаш қийин кечади.
Ҳозирги вақтда жамоа мезбонларга қарши ўйинларда кетма-кет еттита мағлубиятга учраган. Ғалабасиз серияси 13 та ўйинга етган: 3 та дуранг ва 10 та мағлубият.
Таъкидлаш жоизки, Фабио Каннаваро бош мураббий бўлганидан кейин ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзини яхши томондан кўрсатишда давом этмоқда. Жаҳон чемпионатига кўп вақт қолмаган бўлса-да, италиялик мураббий ҳали ҳам турли футболчиларни синаб кўрмоқда.
Ротация айрим футболчиларнинг жароҳатлари билан ҳам изоҳланади, аммо Венесуэлага қарши ўйинда футболчилар учун алоҳида мотивация мавжуд — бу мухлислар олдидаги сўнгги учрашув.
Бундай вазиятда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг қадрдон мухлисларини хурсанд қилишга интилмаслиги мумкин эмас.
Фикрлар