Шомуродовдан қолган жойни Муҳаммад Салоҳ эгаллайди

Италия чемпионатида юқори ўринлар учун курашаётган “Рома” клуби жорий мавсум бошланишидан аввал Элдор Шомуродовни Туркия чемпионати вакили “Истанбул Башакшеҳир”га ижарага жўнатганидан сўнг, ҳали ҳам ўзбек форвардининг ўрнини боса оладиган ҳужумчи топа олмади.

Элдорнинг ўрнига Англия Премьер-лигасидан таклиф этилган Эван Фергюсон ҳам ишончни оқламади. А Серияда 16 та учрашувда атиги учта гол урган ирландиялик ҳужумчининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ҳам етарли. Римликлар мавсум охирида уни ортга қайтариб юборишга қарор қилган.

“Рома” Элдор Шомуродовни турк клубига ижарага берган пайтда истанбулликлардан 3 миллион евро олган. Шу билан бирга “Башакшеҳир”га агар клуб Туркия Суперлигасидаги ўрнини сақлаб қолса, ўзбек ҳужумчисини яна 2,8 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер қилиш мажбуриятини юклаган.

Истанбул клуби жорий мавсум Суперлигада жойини сақлаб қолиш учун эмас, аксинча Европа турнирларига йўлланма берадиган юқори ўринларга даъвогарлик қилмоқда. Бунда 27 та учрашувда рақиблар дарвозасини 16 маротаба ишғол қилган Элдор Шомуродовнинг ҳиссаси катта бўляпти.

Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, Шомуродов ёзда энди Римга қайтмайди ва “Рома” билан алоқалар тўлиқ узилади.

“Рома”да Шомуродовдан бўшаган ўринга Муҳаммад Салоҳни олиб келишга тайёргарлик кўришмоқда.

Мисрлик юлдуз яқинда жорий мавсум тугаганидан кейин “Ливерпуль”ни тарк этишини эълон қилди. Айни пайтда таҳлилчилар 33 ёшли тўпурар қайси лигага йўл олишини тахмин қилмоқда.

Аксарият экспертлар Муҳаммад Салоҳ ўз фаолиятида ижобий бурилиш ясаган А Серияга қайтишини таъкидлаяпти. Салоҳ “Ливерпуль”га йўл олгунга қадар 2015-2017 йиллар давомида “Рома”да  тўп тепиб, юқори классли ҳужумчи мақомига кўтарилган.

Нуфузли манба – La Gazzetta dello Sport нашри ҳам Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”ни тарк этиб  айнан “Рома”га қайтиш вариантини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Манба маълумотига кўра, Миср терма жамоаси футболчиси келажаги бўйича якуний қарорни кечиктириш мақсадида Италия клубида бир мавсум ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Салоҳ “бўрилар” сафида ўйнаган даврда барча мусобақаларда 83 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 34 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига 21 та голли пас узатган.

Жорий мавсумда 33 ёшли футболчи “Ливерпуль” сафида жами 34 та ўйинда қатнашиб, 10 та гол урди ва 10 та голли узатма берди.

Transfermarkt портали баҳосига кўра, футболчининг айни пайтдаги бозор қиймати 30 миллион еврога тенг.

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

Хушхабар: Улар Ҳусановни танлашди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!