Европа клубларини чув туширган фирибгар футболчи ҳикояси
Грег 10 ёшга тўлганида, тенгдошларидан умуман ажралиб турмас эди. У бошқа болалар сингари футбол ўйнашни жуда яхши кўрар эди холос. Ягона муаммо шундаки, у бу ишни қойилмақом даражада уддалай олмаган. Ҳатто, ўз отаси бошқа касб билан шуғулланишни унга маслаҳат қилган…
Таниқли фирибгар «Daily Mail» нашри учун берган интервьюсида илк хотираларини қуйидагича хотирлайди:
«Отам илк бор футбол учрашувимни томоша қилгани келди. Бу мен учун ЕЧЛ финалидек бир гап. Жуда ҳам ҳаяжонланган эдим.
Биз кучли жамоага қарши тўп сурдик ва 0:4 ҳисобида енгилдик. Уйга қайтар эканмиз, дадам мендан футболчи чиқмаслигини айтди. У жуда ҳам дангаса эканлигимни таъкидлади-. Шу йўсинда футболчи бўлиб шармандаликка учрашимдан асрамоқчи бўлгандир».
Болалик чоғида олдига қўйилган мақсадлар, кўпинча кўнгилда абадий қолади. Грег ҳам футболчи бўлишга қатъий қарор қилди. 18 ёшга қадар фақат ўз маҳалласида дўстлари билан тўп тепди. Шунга қарамай, у «Норвич», «Борнмут», «Суидон» ва ЦСКА жамоаларини ҳимоя қилишга муваффақ бўлди. Бунга интернет ва ижтимоий тармоқлар кўмаклашиб юборди.
Анелканинг ўрнига майдонга тушган Акселройд!
Қаҳрамонимиз мактабда ўқиб юрар экан, ўзи учун футбол янгиликларини эълон қилувчи сайт очиш ҳақида ўйлаб қолди. У шу йўсинда, ўзини ПСЖ захирасидаги футболчи қилиб кўрсатмоқчи эди. Франция чемпионатининг тур якунлари ҳақида маълумотларни «L‘Equipe»дан кўчириб сайтга юклаган йигитча автоматик равишда ўйин қайдномасида кўриниш беришни бошлади. Ҳатто, бир бор шахсан Никола Анелканинг ўрнига захирадан ўйинга ҳам қўшилди.
Бу пайтга келиб, у Франциянинг ҳаваскорлар лигасида тўп сурар, унда ПСЖ жамоаси либоси бор эди. Парижда истиқомат қилувчи йигит ўзини ПСЖ аъзоси сифатида кўрсатишга қарор қилди. Шу боис, клуб стадионига яширин ташриф буюрди ва фотосессия уюштирди. Унинг ПСЖ либосида тушган суратларидан сўнг, кўпчиликдаги эътирозлар йўқолгани аниқ.
Мактабни тугатгач, Акселройд болалиги ўтган уйини тарк этди. Париждаги бир хонали кичик кулбага кўчиб ўтди. Ота-онаси университетда ўқишдан бош тортган ҳаваскор футболчини кечира олмагани рост. Қаҳрамонимиз, ўзининг фаолияти акс этган сохта ҳужжатларни турли клубларга жўнатишни бошлади. У шу йўсинда, профессионал жамоа билан шартнома имзолаш ниятида эди.
Илк уринишда «Челси», «Манчестер Сити» ва «Арсенал» клублари таклиф юборган йигитча, тезда рад жавобини олади.
Ишонганлар ҳам бор!
2003 йилнинг ёзида Англиянинг 3-лигасида тўп сурувчи «Суиндон» клуби Грег билан шартнома имзолади. Қаҳрамонимиз ўзининг илк машғулотларидаёқ «қовун тушириб» қўйишни бошлаб юборади.
«Янги жамоа сафидаги илк машғулотим ёдимда. Мен жисмонан ва тактик жиҳатдан қолганлардан анча орқада қолиб кетганим шундоққина кўриниб қолди.
Машғулот чоғида дарвозабон зарбани бартараф этди. Мен қайтган тўпга бош билан зарба бермоқчи эдим, аммо кутилмаганда тўп юзимга келиб урилди. Машғулотдаги барча узоқ муддат устимдан кулди. Уларга қўшилиб ўзим ҳам мириқиб кулдим».
Янги аср бошида «Борнмут» жамоаси молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолди. Шу боис, эркин агент мақомидаги кичик маошга тўп сурувчи футболчиларга эътибор қаратди. Бу орада ПСЖ академияси “тарбияланувчиси” катта саҳнага чиқиб келди. Клуб йигитчага бир бор имкон беришга қарор қилди.
2007 йилда қаҳрамонимиз бир ҳафта давомида «Борнмут» шарафини ҳимоя қилди. Ҳатто, ўртоқлик учрашувида гол киритишни ҳам уддалади. Якунда, мураббийлар у билан шартнома имзолашдан бош тортди. Кейин яна бир бор «Суидон» таркибида кўрикда бўлди, бироқ ўртоқлик ўйинида киритилган иккита гол ҳам унга ёрдам бермади.
Омад кулиб боқди, аммо…
Британия ва Франциядаги кўрикларда орттирилган тажриба ҳавога учиб кетмади. Акселройдга Люксембург клуби таклиф билан чиқди, бироқ у буни рад этди. 2009 йилнинг ёзида эса, орзу амалга ошди. Болгариянинг ЦСКА жамоаси француз футболчисини ўз сафига қўшиб олди. Ўша йили ЕЧЛда иштирок этиши лозим бўлган клуб ойига 15 минг евро маош тўлашга рози бўлди. Томонлар барча ҳужжатларни расмийлаштиргач, ёлғон юзага чиқиб келди…
София клуби янги футболчи ҳақидаги маълумотларни маълум қилгач, мухлислар дарҳол барчаси ёлғон эканлигини англаб етди. Бу пайтга келиб, футбол сайтлари фаолияти анча такомиллашган бўлиб, одамларни алдашнинг имкони қолмаган эди.
Энг алам қиладигани шундаки, Грегор ўз маҳорати эвазига клубдан контракт ундирган эди. Фаолиятида бурилиш ясаши керак бўлган жамоа, кутилганидан анча тезроқ барчасини ошкор қилди.
Сирлар фош бўлгач, Болгария клуби расмийлари уни Францияга қайтиб кетишини талаб қилди. Бечора Акселройд яна муваффақиятсизликка учради. Воқеа агар ҳозирги кунларда амалга ошганида, яхшигина рейтинг йиғиб олиши мумкин эди. Афсуски, янги аср бошида у амалга оширган ишни кечириб бўлмас эди.
Қаҳрамонимиз бир муддат Грецияда, Қувайтда ва Канадада тўп сурди. Уни бутсларини михга илганини ҳеч ким сезмай ҳам қолди. Шунга қарамай, футболни тарк этгани йўқ. Қаҳрамонимиз ҳозирда ёш футболчиларга клуб топиб беришга ихтисослашган компания очган. Эндиликда, ҳеч кимни алдамай ҳалол йўл билан фаолият олиб бормоқда.
38 ёшли собиқ футболчи «Нима қилиб бўлсада, профессионал» деб номланган автобиографик китоб ёзди. Бу Аклелройдга кутилганиданда кўпроқ машҳурлик олиб келди. Унда айтилган сўзлар ва саргузаштлар китобхонни ўзига маҳлиё қилиб қўяди. Ушбу китобдаги энг қизиқ бир парчага эъ эътибор қаратинг:
«Мен клублардан бир доллар ҳам олмаганман. Доимо самолётдан учиб келишим ва яшаган меҳмонхоналаримга ўз ҳисобимдан пул тўлаганман. Клублар эса, менга фақат вақтини ажратган холос. Улардан кўп нарса сўрамаганман!»
«Daily Mail» нашри маълумотлари асосида Яхёхўжа Улуғхўжаев тайёрлади
Фикрлар