Европа лигасида 4 ўйинда 3 та гол урган футболчи "Навбаҳор" машғулотларига қўшилди

“Навбаҳор” 2-давра баҳсларига жиддий тарзда тайёргарлик кўрмоқда. Қурбон ҳайити муносабати билан бир кун дам олган “лочинлар” 21 июль куни Тошкентга жўнаб кетишди ва машғулотларни пойтахтимиздаги  “Тўқимачи” стадионида ўтказишмоқда.

Клуб матбуот хизматининг хабар беришича, "Навбаҳор"нинг Тошкентдаги машғулотларига янги легионер қўшилган. Бу асли Шимолий македониялик, Болгария фуқаролигига эга бўлган ярим ҳимоячи Боян Найденов.

Боян Найденов – 1991 йил 27 августда ҳозирги Шимолий Македонияда туғилган. Футболчилик фаолияти давомида Шимолий Македониянинг “Горизонт” (Турнова, 2010-2015 йиллар), “Работнички” (Скопье, 2015-2017 йиллар), Мисрнинг “Смуха СК” (Искандария, 2017 йил), Эроннинг “Истиқлол” (Теҳрон, 2018 йил),  Албаниянинг “Лачи” (Лачи, 2018-2019 йиллар) клубларида ўйнаган. 2020 йилдан буён Шимолий Македониянинг “Вардар” (Скопье) жамоасида тўп тепаётганди.

Найденов 2014 йили Шимолий Македония терма жамоаси таркибида 4 та ўйин ўтказган.

2017 йили “Работнички” таркибида Шимолий Македония чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган. Шунингдек, ушбу жамоа сафида ўша йили Европа лигасида 4 баҳс ўтказиб,  3 та гол урган.

Айни пайтда "Навбаҳор"да жами 3 нафар легионер  - сербиялик ҳимоячи Боян Цигер, бразилиялик ҳужумчи Коста Тенорио Гутинер ҳамда Шимолий македониялик Боян Найденов кўрикдан ўтмоқда.  Ушбу футболчилардан мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирган икки нафари билан шартнома имзоланади.

“Навбаҳор” таркибида  ҳозир 3 нафар легионер – россиялик ва тожикистонлик ярим ҳимоячилар Иван Соловьёв ҳамда Эҳсони Паншанбе, сербиялик ҳужумчи Славиша Стоянович бор.

Наманганликларнинг пойтахтидаги йиғини 25 июлгача  давом этади. Шу куни “лочинлар” Термизнинг “Сурхон” жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиб, кейин Наманганга қайтишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!