Европада Шомуродовга эътибор қаратишди

Футболни ёритиб келаётган Европадаги энг нуфузли манбалардан бири – footmercato.net портали мунтазам равишда  қитъанинг кучли лигаларидаги тўпурарлар статистикасини кузатиб келади.

Ушбу машҳур манба миллий чемпионатларнинг навбатдаги турлари якунини таҳлил қилиб, тўпурарларнинг янги рейтингини тузди.  Унга Германия, Англия, Австрия, Бельгия, Шотландия, Испания, Франция, Греция, Италия, Нидерландия, Португалия, Россия, Швейцария ва Туркия чемпионатларида гол урган футболчилар киритилди.

Рўйхатни “Бавария”нинг англиялик тўпурари Ҳарри Кейн бошқармоқда. У “Хоффенхайм”га қарши ўйинда дубль расмийлаштириб, жамоасининг 5:1 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди. Айни пайтда тажрибали ҳужумчи ҳисобида 21 ўйинда 24 та гол бор.

Испания чемпионатининг навбатдаги турида “Валенсия”га қарши ўйинда яна бир бор гол урган Килиан Мбаппе ҳам ажойиб формасини сақлаб турибди. “Реал” вакили 22 та учрашувда 23 та тўп киритган ҳолда Ҳарри Кейнни таъқиб қилиб келяпти.

Ўзбекистон футбол ишқибозлари учун эътиборли жиҳати шундаки, Европа лигалари тўпурарлари рейтингида “топ-10”дан  легионеримиз Элдор Шомуродов ҳам жой олди.

Рейтингнинг энг юқори ўн поғонаси қўйидагича кўриниш ҳосил қилди:

  1. Гарри Кейн (32 ёш / “Бавария” / Англия) — 21 ўйинда 24 гол (1682 дақиқа)
  2. Килиан Мбаппе (27 ёш / “Реал” / Франция) — 22 ўйинда 23 гол (1938 дақиқа)
  3. Эрлинг Холанд (25 ёш / “Манчестер Сити” / Норвегия) — 25 ўйинда 21 гол (2104 дақиқа)
  4. Вангелис Павлидис (27 ёш / “Бенфика” / Греция) — 21 ўйинда 19 гол (1773 дақиқа)
  5. Аясе Уэда (27 ёш / “Фейеноорд” / Япония) — 20 ўйинда 18 гол (1622 дақиқа)
  6. Луис Суарес (28 ёш / “Спортинг” / Колумбия) — 20 ўйинда 18 гол (1696 дақиқа)
  7. Игор Тиаго (24 ёш / “Брентфорд” / Бразилия) — 25 ўйинда 17 гол (2117 дақиқа)
  8. Пол Онуачу (31 ёш / “Трабзонспор” / Нигерия) — 18 ўйинда 15 гол (1527 дақиқа)
  9. Янис Беграуи (24 ёш / “Эшторил” / Марокаш) — 21 ўйинда 15 гол (1597 дақиқа)
  10. Элдор Шомуродов (30 ёш / “Истанбул Башакшеҳир” / Ўзбекистон) — 21 ўйинда 15 гол (1856 дақиқа).

Рейтингда Элдор Шомуродовдан кейинги поғоналарда Ведат Мурики (“Мальорка”), Лаутаро Мартинес (“Интер”), Мейсон Гринвуд (“Марсель”), Луис Диас (“Бавария”), Хесус Андрес Рамирес Диас (“Насьональ”), Саму Агехова (“Порту”), Аюб Эл Кааби  (“Олимпиакос”) ва Таванда Масванхисе (“Мотеруэлл”) каби тўпурарлар қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки,Элдор Шомуродов Италия чемпионатидаги қарийб беш йиллик фаолиятидан кейин “Истанбул Башакшеҳир” жамоасига кўчиб ўтди. Тажрибали ҳужумчи тобора кучайиб бораётган Туркия Суперлигасига жуда тез мослашди.

Элдор Шомуродов чемпионат бошидан бери мунтазам тўп киритмоқда. 30 ёшли ҳужумчимиз Суперлигадаги 17 та рақиб жамоадан 14 таси, яъни “Бешиктош”, “Аланьяспор”, “Коньяспор”, “Галатасарой”, “Антальяспор”, “Кожаэлиспор”, “Генчлербирлиги”, “Трабзонспор”, “Касимпаша”, “Самсунспор”, “Газиантеп”, “Фотиҳ Карагюмрюк”, “Ризеспор” ва “Эюпсор” дарвозасини ишғол қилди.

Энди Туркия юқори дивизионида Элдор Шомуродов гол ура олмаган иккита жамоа қолди. Легионеримиз “Гёзтепе” ва  “Фенербаҳче”га чемпионатнинг иккинчи ярмидаги ўйинларда тўп киритишга ҳаракат қилади. “Кайсериспор” эса, чемпионатнинг ҳар икки ўйинида Шомуродовнинг гол уришига йўл бермаган ягона жамоа бўлиб турибди.

Жойи ўзгарган Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?

Англияликлар Ҳусановдан ҳайратда! Абдуқодирга иккита янги лақаб беришди

Шомуродов ҳақидаги пост “Фенербаҳче” фанатларини жумбушга келтирди!

Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Ҳусановнинг “даҳшатли” кўрсаткичлари муҳокамага сабаб бўлди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!