Европада трансфер ойнасининг сўнгги ойидаги асосий интригалари

Европада трансфер ойнаси ёпилишига бир ойча вақт қолди, аммо кўплаб саволлар ҳамон очиқлигича қолмоқда. Шу сабаб бугун биз яқин вақт ичида амалга ошиши мумкин харидларга тўхталишга қарор қилдик.

“Рома”га кераксиз Шомуродов А сериянинг қайси жамоасига ўтади?

 Бир неча кундан бери ўзбек ОАВда Элдор Шомуродовнинг кейинги жамоаси қайси бўлиши мумкинлиги борасидаги тахминлар кўпайиб кетди. Боиси, легионеримиз ёзда “Рома”ни тарк этиши аниқ бўлди. Буни футболчининг агенти Қаҳҳор Мўминов ҳам тасдиқлади. Италия матбуотида Шома учун давъогар клублар номи маълум қилинди: “Торино”, “Сампдория”, “Сассуоло” ва “Болонья”.  Ёзда Андреа Белоттидан айрилган “буқалар” ўз сафига терма жамоамиз сардорини қўшиб олмоқчи эканлигини маълум қилди. Шунингдек, Франческо Капутога ўринбосар қидираётган “Сампдория” ҳам Элдор учун даъвогарлар қаторидан жой олди.

Сўнгги кунларда эса Шомуродов учун харидорлар рўйхатига “Сассуоло” ва “Болонья” ҳам қўшилди. Сўнгги янгиликларга кўра, юқорида номи келтирилган А серия жамоалари орасида Элдор учун асосий фаворит “Болонья” бўлиб турибди. Ҳатто, буни таниқли инсайдер Никола Скира ҳам тасдиқлади. Журналистнинг хабар беришича, “қизил-кўклар” форвардни сотиб олиш шарти билан ижарага олишни мўлжалламоқда. Томонлар Элдорнинг трансфери борасида келишувга эришган ва яқин 48 соат ичида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Криштиану Роналду фаолиятини қаерда давом эттиради?

Португалиялик футболчи "Манчестер Юнайтед"ни тарк этиб, Чемпионлар лигасида иштирок этувчи клубга ўтмоқчи. Аммо Роналдунинг "қизил иблислар" билан яна бир йиллик шартномаси бор, шунинг учун унинг трансферининг амалга ошиши қийин. Шунингдек, кўплаб харидорларни ҳужумчининг маош ҳам чўчитмоқда. Натижада анча мураккаб масала ҳосил бўлади. Кўпчилик Роналдуни “Атлетико”га ўтишини тахмин қалаётган эди, аммо Мадрид клуби президенти бу маълумотни инкор қилди. Криштианунинг агенти Хорхе Мендеш ва “қизил иблислар” раҳбарияти футболчини бошқа клубга ижара асосида ўтиши борасида музокара олиб борди, бироқ томонлар келишувга эриша олмади.  

Ҳозирча португалиялик фаолиятини қаерда давом эттириши сирлигича қолмоқда. Трансфер ойнаси тугаб бораётганини инобатга олсак, Роналдуда оз вақт қолмоқда. "Челси" ва "Бавария" ҳам КриРо учун даъвогарлар қаторида эътироф этилди, амм бу ҳам тезда рад этишди. Эҳтимол, Лукаку ва Левандовски каби етакчиларидан айрилган клублар тажрибали ҳужумчини ёрдамга чақирар?! Кузатамиз. Шунингдек, Роналду “Олд Траффорд”да қолиши ҳам мумкин. Барчаси, яқин кунларда маълум бўлади.

"Бавария" ҳужум чизиғини ким билан кучайтиради?

Роберт Левандовски Мюнхенни тарк этгач, "Бавария" марказий ҳужумчисиз қолди. Ёш Маттис Тель келажак учун амалга оширилган харид бўлиб, катта эҳтимол билан бу йил асосий ҳужумчига ўринбосари бўлади. Матбуотнинг ёзишича, мюнхенликларнинг асосий мақсади - Харри Кейн. Бироқ, "Тоттенхэм" ўз сардорини қўйиб юборишни истамаяпти, аммо вазият ўзгариб кетиши мумкин. Кейннинг “шпорлар” билан яна икки йиллик шартномаси бор ва ҳужумчининг ўзи совринлар қўлга киритишни истаётганини яширмаяпти.

Асосий муаммо - трансфер нархи. Кейн жуда қиммат ва асосий савол "Бавария" кўп пул тўлашга тайёрми ёки йўқми?! Бироқ, “немис машинаси” учун бошқа номзод йўқ. ОАВ “Бавария” Роналдунинг трансферини рад этиши ва Рауль де Томасга қизиқиш билдиргани ҳақида хабар берди. Ҳозирда вазият қай ҳолда ривожланишини кутиш қолди, холос.

Де Йонг: "Барселона" ёки "Манчестер Юнайтед"

"Манчестер Юнайтед"нинг трансфер ойнасидаги асосий мақсади – Френки де Йонг. "Барселона" ярим ҳимоячини сотишни истамоқда ва унинг трансферига рози бўлди, бироқ голландияликнинг ўзи бошқа клубга ўтишни истамаяпти. Каталонияликлар Френкини таркибда сақлаб қолишга тайёр, аммо ундан маошини камайтиришни сўрамоқда. Бироқ де Йонг бу таклифни кескин рад этди.

“Манчестер Юнайтед” кутишда давом этмоқда ва голландиялик футболчи “Олд Траффорд”га ўтишга рози бўлишидан умид умид узгани йўқ. Аслида, бу ҳолатда иккита интрига бор — де Йонг "Манчестер Юнайтед"га ўтадими ёки голландиялик футболчи "Барселона"нинг шартига рози бўладими? Саволлар кўп, аммо аниқ жавоб йўқ.

"Челси"ни ким кучайтиради?

Лондонликларнинг муваффақиятсиз трансфер мавсуми аллақачон мемларга айланган. "Челси" Маттейс де Лигтни ўз сафига қўшиб ололмади, Роберт Рафинья, Левандовски ва Жюль Кунде эса “Барселона”ни танлади. Усмон Дембеле ҳам “кўк-анорранглилар” билан шартномасини узайтирди . Томас Тухель таркиб янги футболчиларга муҳтожлигини ва вазият мураббий ҳамда янги раҳбарият ўртасида зиддиятга етиб бориши мумкинлигини яширмаяпти. Клуб Калиду Кулибали ва Рахим Стерлингни сотиб олиш билан чекланиб қолишни истамаяпти.

“Челси” ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган футболчилар рўйхатини тузиб чиққан: Харри Кейн, Данзель Дюмфрис, Норди Мукиэле, Аллан Сент-Максимин. Умуман олганда, Тухель "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити" билан рақобатлаша оладиган жамоа тузмоқчи. Аммо ҳозирча клуб бунинг йўлини топа олмаяпти.

"Барселона" Мессини ортга қайтарадими?

Бунинг амалга ошиш имконият паст, аммо сўнгги пайтларда "Барселона" Лионель Мессини ортга қайтариши миш-мишлар тарқалмоқда. Бир йил аввал каталонияликлар аргентиналик футболчи билан шартномани узайтира олмагани учун қўйиб юборишга мажбур бўлганди. Бироқ, клуб президенти Жоан Лапорта Мессини “Камп Ноу”га қайтариш истагини ошкора эълон қилди.

Очиғи, бунга ишониш қийин, аммо "Барселона"нинг барча молиявий муаммолари ҳал этилмаган. Каталонияликлар ҳозирча янги келганларнинг рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилгани йўқ. Қолаверса, “Барселона”, “Челси” футболчиси Сезар Аспиликуэта ва “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Бернарду Силва трансферларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамай, Месси ҳақидаги савол ҳалигача кун тартибида турибди.

Жамшидбек Маҳмудов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!