Фабио Каннаваро Италия терма жамоасига бош мураббий бўлишни истайди
2006 йилги жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро ўзининг асосий мураббийлик орзуси – бир куни Италия терма жамоасини бошқариш эканини очиқ айтди.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашрига берган суҳбатида тўхталиб ўтди.
«Ўзимни бу касбда яна йигирма йилдан кейин ҳам тасаввур қила оламан. Мен шу кун келиб, Италия терма жамоасини бошқариш учун меҳнат қиляпман», – деди Каннаваро.
У шу билан бирга, ҳозирги иш жойи – Ўзбекистон терма жамоасидаги муҳит унга катта завқ бераётганини қайд этди.
«Бу йигитлар айтган ҳар бир гапни ўзлаштириб олишга ҳаракат қилади, гўё губкадек ҳаммасини синаб кўришади. Ҳеч ким шикоят қилмайди, барчаси ўрганиш ва ўсишни истайди», – дея таъкидлади мутахассис.
Фабио Каннаваро суҳбат давомида Италия футболидаги муаммоларга ҳам тўхталиб, клублар ўз академияларини ривожлантиришга кўпроқ маблағ ва эътибор қаратиши кераклигини айтди.
Маълумки, Италия терма жамоаси навбатдаги жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юбормоқда – бу учинчи марта кетма-кет шундай ҳолат қайд этилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса аксинча, илк бор ЖЧ-2026 мусобақасида иштирок этади ва гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва ДР Конго терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Фикрлар