ФАКТ! "Динамо" Самарқанддаги "Пахтакор"га қарши 23 ўйиннинг 4 тасида ғалаба қозонган холос
Суперлиганинг 22-турида "Пахтакор" Самарқандда "Динамо" меҳмони бўлади. Беллашувдан аввал "Пахтакор" матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.
"Шерлар" чемпионатда олтин медаллар масаласини ҳал қилишга улгурган бўлса, самарқандликлар айни пайтда юқори лигада қолиш учун кураш олиб боришмоқда. Ҳар бир баҳс "Динамо" учун жуда катта аҳамият касб этади.
Чемпионатлар тарихида жамоалар 47 учрашувда тўқнаш келишган. Унда "Пахтакор" 36 ғалаба, 5 дуранг ва 6 мағлубиятни қайд этган. Рақиб дарвозасига 94 тўп киритилиб, 23 гол ўтказиб юборилган. Самарқандда ўтган ўйинларда пойтахтликлар 14 ғалаба, 5 дуранг ва 4 мағлубиятга эгалар.
Мезбонлардан Жасур Ўрунов ва Қадамбой Нурметов дисквалификация сабабли беллашувни ўтказиб юборишади. "Пахтакор"да бундай йўқотишлар мавжуд эмас. Терма жамоаларга чақирилган футболчилар 16 октябрдан клуб ихтиёрига қайтиб, машғулотларга қўшилишди.
"Динамо" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги 22-тур баҳси Самарқанддаги "Динамо" стадионида 19 октябрь, шанба куни соат 16:30да бошланади.

Фикрлар