ФАКТ! "Қизилқум" Навоийдаги охирги 5 та ўйиндан бери "Локомотив"ни мағлуб эта олмаяпти

Бугун Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган учрашувлар давом эттирилади. Турнир жадвалида 37 очко билан иккинчи ўринда бораётган «Локомотив» Навоийда «Қизилқум» меҳмони бўлади. «Қизилқум» ҳисобида 18 очко мавжуд бўлиб, бу жамоа турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турибди. "Локомотив" клуби матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.

Бугунги беллашув ҳар икки жамоа учун муҳим. Негаки «Локо» иккинчи ўринни сақлаб қолиш учун курашаётган бўлса, «Қизилқум» хавфли зонани тарк этиш мақсадида баҳс олиб боради. Шу боис ҳам бугун Навоийда қизиқарли тўқнашув кечиши кутиляпти.

Иккинчи давра бошланганидан бери «Локо» сафарда ғалаба қозонгани йўқ. Жамоа охирги марта биринчи давранинг 10-турида «Насаф»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб қайтган. Шундан бери «темирйўлчилар» сафарда бешта ўйин ўтказиб, икки бор мағлубиятга учрашди ва уч марта дуранг қайд этишди.

«Локомотив»нинг охирги уч ўйини дуранг натижа билан якун топди. Уйда «Металлург», сафарда «Бунёдкор» ва «Қўқон-1912» жамоалари билан 1:1 ҳисоби қайд этилди.

«Қизилқум»га келсак, бу жамоа иккинчи давра стартидан бери фақат иккита беллашувда зафар қучди. Навоийликлар ҳам охирги учта ўйинда ғалаба қозона олишмади. Жамоа «Сурхон» ва «Бунёдкор»га имкониятни бой бериб, ўз майдонида «Насаф» билан дуранг ўйнади.

Навоийда кечган охирги 5 учрашув

2018. «Қизилқум» - «Локомотив» 0:3

2017. «Қизилқум» - «Локомотив» 0:2

2016. «Қизилқум» - «Локомотив» 0:1

2015. «Қизилқум» - «Локомотив» 0:2

2014. «Қизилқум» - «Локомотив» 2:3

Навоийда бўлиб ўтган охирги бешта учрашувнинг ҳаммасида «Локомотив» ғалаба билан қайтган. «Қизилқум» ўз майдонидаги охирги тўрт ўйиндан бери «Локо»га гол ура олмаяпти. Бу мавсум биринчи даврада бўлиб ўтган баҳсда ҳам «Локо» ғалаба қозонган - 3:1.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!