ФАКТ! "Қўқон-1912" ўз уйида АГМК билан бирор марта ҳам дуранг ўйнамаган

АГМК клуби матбуот хизмати Суперлиганинг 24-тур доирасидаги "Қўқон-1912"га қарши ўйин олдидан учрашувга аталган первьюни тақдим этди.

"Қўқон-1912" - АГМК ўртасидаги тўқнашув тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, устунлик олмалиқликлар тарафида. Ҳозирга қадар ўтказилган 11 учрашувда АГМК жамоаси 6 маротаба ғалаба нашидасини сурган. Шунингдек, 2 ўйинда дуранг қайд этилган ва 3 беллашувда "Қўқон-1912" жамоасининг қўли баланд келган. Тўплар нисбати ҳам табиийки Олмалиқ жамоаси фойдасида: 19-14.

Ушбу жамоалар тўқнашувида энг йирик ҳисоб жорий мавсумда қайд этилди. Олмалиқда меҳмон бўлган қўқонликлар дарвозасига АГМК 7 маротаба йўл топиб, якунда 7:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Мазкур жамоаларнинг Қўқонда ўтган ўйинларида ҳам АГМК кўпроқ ғалабани тантана қилган. "Қўқон-1912" ҳозирга қадар ўз уйида ўтган 5 учрашувдан 2тасида ғалаба қозонган бўлса, қолган 3 ўйинда олмалиқликлар устунликка эришишган. Қизиғи, Қўқондаги ўйинларда ҳозирча дуранг қайд этилгани йўқ.

Турнир жадвалига эътибор қаратадиган бўлсак, айни пайтда Миржалол Қосимов шогирдлари 26 очко билан 9-ўринда бормоқда. "Қўқон-1912" эса 24 очко тўплаб 11-поғонани эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Қўқонда кечадиган "Қўқон-1912" — АГМК ўртасидаги ўйин 23 ноябрь куни соат 14:30да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!