ФАКТ! “Сўғдиёна” Наманганда “Навбаҳор”ни мағлуб эта олмаган
Coca Cola Суперлига 7-тури доирасида "Навбаҳор" ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилади. Клуб матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди.
Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларининг Cуперлига (олий лига)сида ўзаро 48 марта учрашишган. Ушбу ўйинларнинг 24 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 17 та баҳсда зафар қучган, 7 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 86-57, “Навбаҳор”фойдасига.
Наманганликлар ўзаро ўйинларда 79 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 58 очко мавжуд.
“Навбаҳор” - “Сўғдиёна” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўшанда водийликлар Наманганда жиззахликлар дарвозасига жавобсиз 7та тўп киритишганди.
Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган. Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган. 2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Ўзаро ўйинлар ҳақида факт: “Сўғдиёна” шу пайтгача “Навбаҳор” майдонида ғалаба қозона олмаган. Наманганда бўлиб ўтган учрашувларнинг 20тасида “лочинлар” зафар қучишган бўлса, қолган 4та баҳсда жамоалар дурангга имзо чекишган.
Фикрлар