Фантастик жанглар ўтказган Дўсматовни дунёнинг энг зўр боксчиси, деб топишди

Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилаётган ёзги Олимпия ўйинларининг яккакураш турлари бўйича мусобақалари ўзбекистонлик учун муваффақиятли кечмоқда.

Дзюдодаги битта олтин ва иккита бронза медалдан кейин таэквондо ва бокс беллашувларида илк чемпионлик тантана қилинди.

Токио Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов Парижда ҳам таэквондо усталари орасида ўз вазнида барча рақибларини енгиб, икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. Улуғбек тўртйилликнинг энг нуфузли спорт анжуманида кетма-кет икки марта чемпион бўлган ягона ўзбек таэквондочиси сифатида рекорд ўрнатди.

Бокс бўйича “Рио де Жанейро - 2016” ўйинларида 49 килограмм вазн тоифасида чемпион ва техникаси энг кучли боксчига бериладиган Вэл Баркер кубоги соҳиби бўлган Ҳасанбой Дўсматов орадан саккиз йил ўтиб яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Бу гал ўзбек бокс мактабининг ёрқин вакили 51 килограмм вазн тоифасидаги жангларда қатнашиб, саралаш учрашувларида Пуэрто-Рико вакили Хуанма Лопес Де Хесусни, қозоғистонлик Сакен Бибоссиновни, Кабо-Верди боксчиси Давид Де Пинани мағлуб этди.

Ҳасанбой финалда эски рақиби – франциялик Билол Беннамага тўқнаш келди. Ўтган йили Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионати финалида ҳам бу икки чарм қўлқоп устаси ўзаро куч синашган ва ўшанда Дўсматов рақибини нокаутга учратган эди.

Париж рингларидаги жанг ҳам Ҳасанбой Дўсматовнинг катта устунлиги билан якунланди ва 31 ёшли боксчимиз икки карра Олимпия ўйинлари ғолибига айланди.

Британиялик таниқли эксперт Тейлор О’Хиггинс ўзбекистонлик “Профессор”нинг бу тарихий ғалабасини эътибордан четда қолдирмади.

- Амалдаги жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Парижда иккинчи вазн тоифасида Олимпия ўйинлари чемпионлигини нишонлади. Бу гал у ҳакамларнинг якдил қарори билан Билол Беннамадан  устун келди.

Ўзбекнинг фантастик ғалабаси ва у вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскорлар ўртасида биринчи рақамли боксчи эканини яна бир карра исботлаб қўйди.

Дўсматов табиатан кичик вазнли боксчи, бўйи ҳатто 51 килограмм вазн тоифаси учун ҳам пастлик қилиши унинг натижаларининг қийматини янада кўтаради. Ҳатто унинг Беннама ёнида турганидаги фарққа бир эътибор беринг, - деб ёзди Тейлор О’Хиггинс.

Ҳасанбой Дўсматов ҳаваскорлар боксида барча нуфузли мусобақалар ғолиблигини қўлга киритиб бўлган. Халқаро майдонда 2009 йилдан бери натижа кўрсатиб келаётган андижонлик чарм қўлқоп устаси икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионатлари ва Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби, уч карра Осиё чемпиони ҳисобланади.

Ҳамюртимиз 2016 йилги Олимпия ўйинларида энг зўр техника эгаси сифатида қўлга киритилган Вэл Баркер кубогини ҳамон ўзида сақлаб турибди.

Ҳасанбой Дўсматов бундан ташқари профессионал боксдаги фаолиятини ҳам бошлаб юборган. Тажрибали чарм қўлқоп устаси профессионал орасида олтита жанг ўтказиб, барчасини ўз фойдасига ҳал қилган, бешта баҳсда рақибларини нокаутга туширган.

   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Surayyo Qobilova
09/08/2024 21:16
Assalomu alaykum, Sport kanali. Nima uchun gimnastikachi qizlarni qòymadingiz, kun bòyi kuttim. Bergan olimpiada kundaligi yangiliklar dasturlarda ham gimnastika haqida gapirib, qayda yòq Italiya, Xorvatiyani, Ukrainani kòrsattilar. Hech yòq yangiliklarda kòrmadim. Nega?