Фарғона футболи ўзгаришлар остонасида. Вилоят футболини ривожлантириш учун хорижлик мутахассислар жалб этилмоқда (Фото)

Фарғона вилоятида болалар ва ўсмирлар футболини ягона тизимда ривожлантиришга Қатарнинг “Ал-Садд” жамоасида кўп йиллар давомида техник директор ва мураббийлик қилган Ридван Лхбибани раҳбарлик қилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Қатарнинг “Ал-Садд” жамоасида кўп йиллар давомида техник директор ва мураббийлик қилган, бельгиялик Ридван Лхбибанини қабул қилди.

photo_2023-09-29_23-12-16

Фарғона вилоятида барча футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш ва улар учун умумлашган тизимни шакллантириш, барча мураббийлар учун ягона тактикага асосланган методикани ишлаб чиқиш, “Нефтчи” жамоаси учун юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва асосий таркибгача уларни етиштириш ишларига раҳбарлик қилиш учун юқори малакали ва катта тажрибали хорижий мутахассис сифатида Ридван Лхбибани вилоятга таклиф қилинмоқда.

photo_2023-09-29_23-12-17

Учрашувда бельгиялик мутахассис, бу борадаги ўз режалари, методикаси ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш учун лозим бўлган ташкилий ишлар юзасидан батафсил тақдимот ўтказди. “Яхши пойдеворсиз яхши уй қуриб бўлмайди” деб ўз сўзини бошлаган Лхбибани, футбол ривожланган барча мамлакатларда болалар ва ўсмирлар футболига биринчи эътибор қаратилганини қайд этди. Ўзининг вилоятдаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашган мураббий, қатор иқтидорли ёш юлдузларни ўзи учун кашф этганини айтиб ўтди.

photo_2023-09-29_23-12-19

Вилоятдаги футбол мураббийларини қайта тайёрлаш, уларнинг фаолиятини доимий мувофиқлаштириб бориш, футбол мактаблари учун ҳар бир ёш тоифасига мўлжалланган тактикалар ишлаб чиқиш, оммавий футболни ривожлантириш, ёш иқтидорларни бугунги жаҳон футболи талабларига профессионал футболчилар этиш ўстириш борасида ўз қарашларини баён этган Ридван Лхбибани, ўзининг “Ал-Садд” жамоасидаги 14 йиллик тажрибаси ҳақида ҳам тўхталиб, айнан ёш футболчиларни тайёрлаш тизимига берилган эътибор туфайли жамоа академияси битирувчиларидан 12 нафар футболчи Қатар терма жамоаси сафида тўп тепишганини таъкидлади.

photo_2023-09-29_23-12-18

Ридван Лхбибани ва унинг ёрдамчилари учун молиявий шартлар ҳамда тақдим этилган режа асосида Фарғонада футболни ривожлантириш учун лозим бўлган инфратузилма юзасидан музокараларни яқин кунларда давом эттиришга келишиб олинди.

Учрашувда “Нефтчи” ПФК бош директори Мансурбек Тошматов, бош мураббийи Виталий Левченко, вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Носирбек Отақўзиев иштирок этишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!