Фарҳод Соҳибжонов: "Дарвозабонимизнинг ишончли ўйини бизни янада руҳлантирди"
Фарғонада “Нефтчи” – “Андижон” қарама-қаршилигида футболчилар борини бериб ўйнадилар. Бу борада жамоамиз аъзоси Фарҳод Соҳибжонов ҳам ўзини кўрсатди. У ортда қолган дерби ва бўлажак баҳс хусусида фикр билдирди.
- “Андижон”нинг “Нефтчи”га қарши ўйини ҳақиқий дербиларга хос ўтди. Атмосфера юқори темпда бўлди. Учрашув айнан сиз кутгандек бўлдими?
- Ассалому алайкум. Ўйинга келадиган бўлсак, бунақа муҳитдаги дерби ҳар доим ҳам бўлавермайди. Йигитларнинг руҳияти жанговар тарзда эди. Ҳамма ҳам ютишни хоҳлайди. Биз ҳам ғалаба учун майдонга чиққандик. Лекин ўйин дуранг билан якунланди. Иккала тарафга ҳам яхши бўлди, деб ўйлайман. Биз ютганимизда улар хафа бўларди, улар ютганида эса бизни мухлислар хафа бўлишарди. Яхши ўйин бўлди. Рости, ғалабани илиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Хавфли ҳужумлар уюштирдик ва яхши ҳимояландик. Иккинчи тайм қийинроқ ўтди.
- Демак, натижа ҳар тарафлама беллашувга мос бўлди...
- Ҳа, мос бўлди. Дарвозабонимиз Игорь Литовка бизга катта ёрдам берди. Бир нечта вазиятларда жамоамизни қутқарди. Унинг ишончли ўйини бизни янада руҳлантирди. Шунга яраша ҳаракат қилдик. Бироқ ҳужумда гол ура олмадик.
- Мураббийни учрашувдан аввалги кўрсатмаси қанақа бўлганди ва ўйиндан сўнг нималар деди?
- Бу дерби, буни ҳамма билади. Ким бўлишидан ва қаердан келишидан қатъий назар дербини яхши тушунишади. Биз майдонга чиқиб ўйнаб, жонимизни беришимиз керак. Суперлигада “Нефтчи”ни ҳали ҳеч ким ютолмаяпти. Биз шуни қилишимиз керак, ҳимояда мустаҳкам туриб, ҳужумда вазиятлардан фойдаланишимиз керак, деб айтиб ўтди. Учрашувдан сўнг илиқ гаплар билан барчага борингларни бериб ўйнаганинглар учун раҳмат деди. Дуранг ҳам яхши натижа деб ўйлайман.
- Стадионда муҳит бошқача бўлди. Бундай шароитда тўп суриш сизларга мотивация бердими?
- Мухлисларимизнинг келиб, қўллаб-қувватлагани бизга жуда катта ёрдам бўлди, деб ўйлайман. Шунга яраша ўйнадик. Бизни руҳлантириб туришгани учун ўзимизни анча эркин ҳис қилдик.
- “Андижон”ни олдинда яна водий дербиси кутяпти. Бу сафар “Бобур Арена”да “Навбаҳор” билан баҳс кутяпти. Кетма-кет иккита дербида ўйнаш оғир эмасми?
- Аксинча, бундай ишқибозлар билан бундай дербида тўп суришни кўпчилик орзу қилади. Шунга яраша жамоамиз билан пухта тайёрланамиз ва яхши натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўз уйимизда ғалаба билан қувонтирмоқчимиз. Стадионимиз мухлислар билан тўлади. Улар Худо хоҳласа, “Бобур Арена”ни “ёндиришади”. Биз ҳам шунга яраша жавоб қайтарамиз.
Фикрлар