Фарруҳ Сайфиев: "Туркманистон билан ўйиндан кейин Абрамов қолишимни айтди, натижага у жавоб беради"
“Пахтакор” клуби ҳимоячиси Фарруҳ Сайфиев миллий терма жамоамизнинг Саудия Арабистонидаги ўйинларида қатнашган таркибидан четга чиқиб қолгани кенг жамоатчилик томонидан танқид қилинди.
Кўпчиликнинг наздида Сайфиев терма жамоамизга керак эди. Айниқса, унинг қанотда Жалолиддин Машарипов билан бир-бирини жуда яхши тушуниб ўйнаши терма жамоамизга асқотиши табиий эди.
Бироқ Вадим Карленович нимагадир уни таркибдан четда қолдиришга қарор қилди. Бу эса футболчининг ўзига ҳам ёқмагани турган гап. Боиси, Фаррух миллий термамиз сафида муҳим учрашувларда майдонга тушиб, бош жамоамизга ёрдам беришни жуда хоҳлаганди.
Сайфиевнинг тажрибасига шубҳа йўқ. У “Пахтакор”да ҳам ўз ўрнига эга ўйинчи эканини биламиз. Шунга яраша у меҳнат ҳам қилади. Айниқса, қанот орқали ҳимоядан ҳужумга қўшилиши ва бу борада фаоллик кўрсатиши Фаррухнинг устун жиҳатларидан бири.
Терма жамоага фойдаси тегадиган ҳимоячини нима сабабдан Абрамов рўйхатдан ўчириб юборганига тушунмадик. Эътибор берсангиз, “Пахтакор” клубининг охирги йиллардаги муваффақиятларида Сайфиевнинг ҳам қўшаётган ҳиссаси улкан.
Хуллас, Фаррух Сайфиевнинг терма жамоамиз ҳамда “Пахтакор” ҳақидаги бир қатор саволларга ўзининг муносабатини билишга қизиқаётгандик. Бошида бироз кейинроқ гаплашишимизни айтди. Ниҳоят, бу сафар, у ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Лекин шунда ҳам барча саволларга эмас, балки айримларига жавоб беришни лозим топди.
- Фаррух, сиз миллий терма жамоамизда ўз ўрнига эга бўлган футболчилардан бирисиз. Лекин бу сафар таркибдан четда қолиб кетдингиз. Афсуски, шунга яраша натижа ҳам ўхшамади. Бу масалада нима деган бўлардингиз?
- Ассалому алайкум! Тошкентда Туркманистон терма жамоаси билан ўйнаганимиздан кейин Вадим Карленович менинг қолишимни айтди. Таркибга кимни жалб қилишни ва кимни қўшмасликни мураббий ҳал қилади. Шунга қараб натижага ҳам мураббий жавоб беради.
- Саудия Арабистонига қарши учрашув борасида фикрингиз қандай?
- Ўйинда кўриниб тургандики, Саудия Арабистони терма жамоаси биздан кучлироқ эди, ҳар томонлама.
- “Пахтакор” клубидаги ўзгаришлар жамоа ўйинига қанчалик таъсир қиляпти, деб ўйлайсиз? Масалан, бош мураббий Питер Хюистра сиз учун қандай мутахассис?
- Ўзгаришлар барибир ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Аммо ўйин услубимиз ўша-ўша. Масалан, олдин қанақа ўйнаган бўлсак, ҳозир ҳам шундай давом этяпти. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Бош мураббий ҳақида нима десам бўлади? Ўзининг устида кўп ишлайди, нимадир янгилик излайди ва асосийси у талабчан.
- “Пахтакор”да бир неча йилдан буён тўп суряпсиз. Фаолиятингизни яна қанча вақт бу клубда давом эттирмоқчисиз?
- Ҳозирча “Пахтакор” билан икки йиллик шартномам бор.
- Шота Арвеладзе кетгач, сизда ҳам клубдан кетиш истаги бормиди? Умуман, хориждан таклифлар бўлдими?
- Хориждан фақат Эрон клубидан таклиф бўлганди.
- Ўйлашимча, футболчи сифатида Ўзбекистонда барча совринларни ютгансиз. Бу ерда қолиш учун яна қандай мотивацияга эгасиз?
- Соврин ютиш бу ажойиб! Аммо бу тарихда қолди. Ушбу мавсумда ҳам аввалги натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз, - дея жавоб қайтарди Сайфиев.
Аслида Сайфиевга терма жамоамиз ва яна бошқа мавзулардаги саволларимиз бор эди. Бироқ футболчи ҳозирча юқоридагиларга жавоб берган ҳолда кейинроқ бафуржа гаплашишимизни таъкидлади.
Балки унинг ҳам ичида яна бошқа айтадиган гаплари бордир. Лекин футболчининг жавобларидан шуни билиш мумкинки, ўзини анча камтар тутяпти. Шу сабабли термамизга оид бошқа саволларни ҳозирча жавобсиз қолдирди.
Фикрлар