Файзуллаев пастга қулади!
“Спорт Экспресс” нашри Россия Премьер-лигасининг биринчи қисми бўйича энг яхши футболчилар рейтингини эълон қилди.
Бу нашр ўттиз йилдан кўп вақт мобайнида ҳар бирда футболчиларнинг иштирокини баҳолаб боради ва умумий баллар асосида энг яхши ўйинчилар рейтингини тузади.
“Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтганидан кейин Россия Премьер-лигасида порлай бошлаган Аббосбек Файзуллаев 17-турдан кейин ушбу рейтингнинг учинчи поғонасини эгаллаб турган эди.
Бироқ легионеримиз 2023 йилнинг сўнгги учрашувида ўзини кўрсата олмади. “Краснодар” майдонида ўтган баҳсда Файзуллаев қулай вазиятдан гол ура олмади, бундан ташқари рақиб ғалаба тўпини киритган вазиятда Кривцовга қаршилик кўрсатишга кеч қолди.
Умуман олганда, экспертларнинг аксарияти Файзуллаевнинг ўйинини паст баҳолади. “Спорт Экспресс” нашри мутахассислари ҳам 18-тур доирасида ўтказилган баҳсда ҳужумкор футболчимизнинг ҳаракатларига кам балл берди.
Бунинг оқибатида Аббосбек Файзуллаев рейтингда кучли учликдан қуйига шўнғиди. Ҳамюртимиз уч поғона пастлади.
Умумий рейтинг қуйидагича кўриниш олди.
1 (1). Матео Кассьерра (“Зенит”) — 6,50 балл.
Кассьерра қийин ўтган учрашувда “Нижний Новгород” жамоаси дарвозасига ягона голни уриб, “Зенит”га уч очко тақдим этди ва питерликларни чемпионлик учун курашга қайтарди. Мавсумда 14-тўпини киритган футболчи тўпурарлар пойгасда якка пешқадам бўлиб турибди.
2 (2). Вендел (“Зенит”) — 6,41
Йилнинг охирги баҳсида ҳам юқори савияда ўйнади.
3 (4). Эдуард Сперцян (“Краснодар”) — 6,36
Жамоасининг ЦСКАга қаши ўтказган учрашувида Кривцовга голли пас узатди. Бу гол краснодарликларга ғалаба келтирди. Сперцян кучли учликда Аббосбек Файзуллаевнинг ўрнига кўтарилиб олди.
4 (6). Жон Кордоба (“Краснодар”) — 6,28
Кордоба дискавалификация туфайли ўйинда қатнашмади. Лекин Файзуллаевнинг рейтингда пастга қулагани легионер футболчини юқорига кўтарди.
5 (5). Бенхамин Гарре (“Крилья Советов”) — 6,27
Италия клублари нишонида турган футболчи “Спартак”га қарши ҳеч нарса қила олмаган бўлса-да, рейтингдаги жойини сақлаб қолди.
6 (3). Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА) — 6,25
Россия Премьер-лигасининг биринчи давраси қаҳрамони бўлган Файзуллаев йилнинг сўнгги учрашувида кўп ҳаракат қилди, лекин бари бесамар кетди. Ўзи гол ура олмагани етмаганидек, рақибнинг тўп киритишига қаршилик кўрсата олмади.
7 (8). Антон Заболотний (ЦСКА) — 6,23
ЦСКА футболчиси сўнгги икки турда ўзини кўрсата олгани йўқ. Рақобатчиларининг бўш ўйини унинг рейтингдаги жойини сақлаб қолишига хизмат қилмоқда.
8 (9). Фернандо Костанца (“Крилья Советов”) — 6,21
Бу футболчи “Спартак”га қарши мағлубиятли учрашувда қатнашмади. Аввалги турларда тўплаган баллари ҳисобига рейтингда турибди.
9 (7). Клаудиньо (“Зенит”) — 6,19
“Нижний Новгород”га қарши баҳсда яхши ўйнай олмади ва натижада икки поғона пастлади.
10 (11). Максим Глушенков (“Локомотив”) — 6,19
“Локомотив”нинг “Урал” билан бўлган ўйинида голли пас узатди ва ғалабага қўшган ҳиссаси эвазига кучли ўнликка кўтарилди.
Россия Премьер-лигасида қишки танаффус эълон қилинди. Юқори дивизион жамоалари чемпионатнинг навбатдаги ўйинларини 2024 йилнинг 1 мартида ўтказади.
Файзуллаев фаолиятида бунақаси биринчи марта юз берди
Фикрлар