Файзуллаев ва ЦСКА Ўзбекистоннинг кучли жамоасига қарши ўйнайдиган бўлди
Россия Премьер-лигаси иштирокчиси ЦСКА қишки таътилдан кейин Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида илк ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.
“Армиячилар” клуби расмий сайти жамоа 13-23 январга белгиланган илк йиғинда тикланиш машғулотларидан ташқари иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишини маълум қилди.
Бу баҳслар Ўзбекистон Суперлигаси вакили ОКМК ва Қозоғистон Премьер-лигаси иштирокчиси “Ордабаси”га қарши ўтказилади. Ўйинларнинг аниқ вақти ҳақида тўхталсак, "армиячилар" олмалиқликлар билан 19 январда беллашади. Қозоқ клубига қарши баҳс 23 январга белгиланди.
Сербиялик мутахассис Марко Николич бош мураббийлик қилаётган ЦСКА чемпионатнинг биринчи қисми якунларига кўра олтинчи ўринда бормоқда.
Жамоа етакчиларидан Аббосбек Файзуллаев жорий мавсумда барча турнирларда 23 та учрашувда иштирок этиб, учта гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.
ЦСКАнинг бўлажак рақиби – ОКМК футболчилари 2024 йилги мавсумда Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, ўз тарихида илк бор кумуш медалга эга чиқди.
Фикрлар