Файзуллаевдан хушхабар кутяпмиз!
Россия Премьер-лигаси ҳал қилувчи паллага кирди. Чемпионат ташкилотчиси ҳисобланган Премьер-лига раҳбарияти мавсум қаҳрамонларини аниқлаш ишларини олиб бормоқда.
Ўтган йилнинг августида “Пахтакор”дан ЦСКАга кўчиб ўтган Аббосбек Файзуллаев легионер сифатида илк мавсумини ўтказаётган бўлса-да, энг зўр футболчилар қаторида зикр этилмоқда.
Россия Премьер-лигаси “Йил ўйинчиси” номинацияси бўйича финал босқичига чиққан ўн нафар энг кучли футболчи рўйхатини эълон қилди. Қувонарли томони шундаки, 20 ёшли легионеримиз ҳам нуфузли совринга даъвогарлик қилмоқда.
Иккинчи маротаба ўтказилаётган танловнинг бу йилги ғолиби қуйидаги футболчилар орасидан аниқланади:
Константин Тюкавин (“Динамо”);
Эдуард Сперцян (“Краснодар”);
Максим Глушенков (“Локомотив”);
Матео Кассьерра (“Зенит”);
Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА);
Срджан Бабич (“Спартак”);
Евгений Латишонок (“Балтика”);
Александр Максименко (“Спартак”);
Ираклий Квеквескири (“Факел”);
Жон Кордоба (“Краснодар”).
Бундан ташқари, Аббосбек Файзуллаев яна бир номинация – “Мавсум кашфиёти” йўналиши бўйича ҳам ғолибликка асосий даъвогарлардан бирига айланди.
Ҳамюртимиз “Динамо” вакили Бителло ва “Крилья Советов” ўйинчиси Никита Салтиков билан якуний босқичга чиқди ва мана шу уч футболчидан бири мавсум кашфиёти сифатда эътироф этилади.
Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаев танловнинг биринчи босқичида мухлислар берган овозларга кўра, энг кўп кўрсаткич билан биринчи ўринга кўтарилди.
Танлов ғолиби мураббийлар, жамоа сардорлари, шарҳловчилар ва мамлакат футбол фахрийларидан иборат махсус ҳайъат томонидан аниқланади.
Ғолиблар 26 май куни тақдирланади.
Фикрлар