Фазлиддин Ғоибназаров: Рақибнинг кўрсаткичи мени қўрқитаётгани йўқ
Ads

Олимпия ўйинлари чемпиони, бугунги кунда проф рингда фаолиятини давом эттираётган Фазлиддин Ғоибназаров навбатдаги жангини 14 июль куни АҚШда ўтказади. «Lakefront» аренаси мезбонлик қиладиган жанг оқшомида ҳамюртимиз америкалик Кевин Жонсонга қарши рингга кўтарилади.

Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, Фазлиддин ҳозиргача профессионал боксда 4та жанг ўтказиб уларнинг барчасида ғалаба қозонган (2таси нокаут билан). Рақиб ҳам ўтказган барча жангини ўз фойдасига ҳал қила олган. (5та жанг, 4таси нокаут).

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати боксчи билан боғланиб, унинг жангга тайёргарлик жараёни билан қизиқди.

«Жангга Калифорнияда тайёргарлик кўряпмиз. Мураббийим Аброр Турсунпўлатов билан ишлаяпман. Олдинда бир ойлик машғулотлар кутиб турибди. Спарринг жангларни бошлаганмиз. Машғулот жанглари мексикалик ва америкалик боксчиларга қарши ўтказилмоқда. Шунингдек, қозоғистонлик рақиб ҳам машғулотларда мен билан бирга ишлайди. Машғулотлардаги рақибларимнинг барчаси баланд бўйли ва асосан ўнг қўлда жанг қилади. Кевин Жонсоннинг бундан олдинги жангларини ўрганиб чиқаяпмиз. Унинг нозик томонларини топишга ҳам улгурдик. Тайёргарлик жараёнида бу томонлар ҳам инобатга олинади.

Рақибнинг кўрсаткичи мени қўрқитаётгани йўқ. Агар боксда қўрқув сезадиган бўлсанг фаолиятингни якунлаб қўйганинг яхшироқ. Рингга ўз кучингга юқори ишонч билан чиқиш лозим. Мен доимо шу тарзда жангга чиқаман. Ортимда бутун мамлакат турганини, мени қўллаб-қувватлаётганини биламан. Бу менга янада кўпроқ куч бағишлайди», – деди Фазлиддин Ғоибназаров.