Федерер илк бор "Australian Open"ни ўтказиб юборади
"Катта дубулға" турнирларининг 20 карра ғолиби Рожер Федерер "Australian Open"да иштирок этмайди. Бу ҳақида унинг агенти Тони Годсик хабар берди.
"Рожер "Australian Open-2021"да қатнашмасликка қарор қилди. Сўнгги икки ой ичида у тиззасидаги жароҳатни тиклаш ва фитнес бўйича сезиларли ўсишга эришди. Аммо жамоа билан маслаҳатлашгандан сўнг, кортга Австралия очиқ чемпионатидан кейин қайтишни маъқул кўрди", - деди Тони ўз баёнотида.
Федерер февраль ойида бўлиб ўтадиган бошқа турнирлардаги иштирокини шу ҳафта муҳокама қилади ва ундан кейин, қолган мавсум учун тақвим тузишни бошлайди. 39 ёшли теннисчи "Australian Open"ни сўнгги бор 1998 йилда ўтказиб юборган эди. Аммо ўшанда у ўсмирлар ўртасидаги мусобақада қатнашган.
Шундан сўнг, у 2000 йилдан бери бирор марта ушбу турнирни ўтказиб юбормаганди.
Фикрлар