Февзи Давлетов: "Пенальтилар бўйича тайёргарлик кўргандик"
Ўзбекистон Кубоги ярим финал доирасидаги “Андижон” – “Сурхон” учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Февзи Давлетов қатнашди.
- Учрашувдан аввал бугун оғир ўйин бўлишини яхши билардик. Майдон сифати кўнгилдагидек эмасди. Шунга қарамай, иккала таймда ҳам яхши ўйин кўрсатдик. Тўп назоратини олиб бордик. Афсуски, имкониятлардан фойдалана олмадик. Пенальтилар сериясигача ўз имкониятларимиздан фойдаланиб гол уриб олишимиз керак эди. Масалан, Асилбек Жумаев бўш дарвозага гол ура олмади. Пенальтилар сериясига тўхталадиган бўлсам, бу лотерея. Бунда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Йигитларга ажойиб ўйин учун миннатдорчилик билдираман. Кўзлаган мақсадимизга эриша олмаганимизга майдоннинг ҳолати таъсир кўрсатди.
- Сизга ва жамоангизга яхши ўйин учун раҳмат. Пенальтилар серияси бошланишидан аввал дарвозабонни алмаштирдингиз. Бу олдиндан ўйлаган режангизмиди?
- Ҳа, бизни режамиз бор эди. Пенальтилар бўйича тайёргарлик кўргандик.
- “Навбаҳор”га қарши учрашувга нисбатан бугун таркибда ротацияга қўл урдингиз...
- “Навбаҳор” билан учрашувда катта куч сарфлагандик. “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам анча куч йўқотдик. Бу учрашувга эса яхши тайёрлангандик. Ўша беллашувларда ҳам ажойиб ўйнадик. Мағлубиятга лойиқ эмасдик. Ўйинни назорат қилгандик.
- Фарғонадаги финалда “Навбаҳор ва “Андижон” иштирокида водий дербиси бўлади. Бу борада нима дея оласиз?
- Кучлиги ютсин!
Фикрлар