ФИДЕ Синдаровнинг мағлубиятсиз сериясига эътибор қаратди
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) Ўзбекистон ва Германия терма жамоалари ўртасидаги Жаҳон шахмат Олимпиадасининг саккизинчи тур учрашувида Жавоҳир Синдаровнинг ўйинини алоҳида қайд этди.
Мезбонлар ушбу турда мусобақадаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди — ҳисоб 1,5:2,5. Шу билан бирга, Синдаров иккинчи доскада Маттиас Блюбаумни мағлуб этиб, жамоасига ягона ғалабани олиб келди.
«Ака-ука Сваналар қозонган ғалабалар Маттиас Блюбаумнинг иккинчи доскада Жавоҳир Синдаровга қарши мағлубиятини тўлиқ қоплади. Синдаров ўзининг таассуротли мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда — етти учрашувда 5,5 очко», — дея таъкидланади ФИДЕ шарҳида.
Биринчи доскада Нодирбек Абдусатторов Винсент Кеймерга қарши дуранг натижа қайд этди. Германия термасига ҳал қилувчи устунликни эса Фредерик ва Расмус Свана таъминлади — улар мос равишда Нодирбек Якуббоев ва Шамсиддин Воҳидовни мағлуб этди.
Саккиз турдан сўнг Ўзбекистон ва Германия терма жамоалари 14 тадан жамоавий очко тўплади. Қўшимча кўрсаткичлар ҳисобга олинганида, Ўзбекистон терма жамоаси турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров жаҳон шахмат тахти учун даъвогар ҳисобланади. Ноябрь ойида у амалдагӣ жаҳон чемпиони Доммаражу Гукешга қарши жаҳон чемпиони унвони учун титул баҳсини ўтказади.

Фикрлар